Оилавий муносабатлар жуда мураккаб бўлиб, ҳар бир жамиятда қабул қилинган қоидалар, айни пайтда қонун рухсат берган ва тақиқлаган муносабатлар чегараси мавжуд. Айниқса, шарқона турмуш тарзидан Америкага кўчиб келган оилаларда урли муаммоларга дуч келинади. Чунки Америка жамияти нафақат қатъий қонунлари, балки фуқароларнинг оилавий муносабатларга бўлган қарашлари билан ҳам ажралиб туради.

“Ватандош” жамияти ва UzbekTV томонидан яқинда ташкил этилган АҚШ оила қонунчилигига риоя қилиш ёхуд оилавий зўравонликларнинг олдини олишга бағишланган семинар айнан ушбу мавзуга бағишланди.

Зўравонликка қарши курашишга масъул бўлган офицер Рэмруп ватандошларимизга оилавий зўравонликнинг сабаб ва оқибатлари, унинг олдини олиш чоралари, оилада бундай ҳолатлар юз берганда кимга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида сўзлаб берди. Бу борада Америка қонунчилигининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берди.

Шу билан бирга, психологлар Гулшода Хўжаҳаматова ва Дмитрий Остер ўз хизматлари ҳақида сўзлаб бериб, бу борада барча саволларга жавоб беришга тайёр эканлигини маълум қилишди.