Ўзбекистонда Венгриянинг элчихонаси очилади

Венгрия ҳукумати Ўзбекистонда ўз элчихонасини очишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг ёзишича, 2015 йилнинг 28апрел куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига ташриф буюрган Венгрия ишбилармон доиралари делегациясига бошчилик қилаётган Ташқи ишлар ва савдо вазири ўринбосари Ласло Сабони қабул қилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон — Венгрия кун тартибининг долзарб масалалари ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ўзаро алоқаларни, аввало савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Аввалроқ Ўзбекистон томони Венгрия Ҳукуматининг Тошкент шаҳрида дипломатик ваколатхона очиш тўғрисидаги режасини қўллаб-қувватлади.

Учрашувда бўлажак вазирликлараро учрашувларнинг амалий масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Шуни қайд этиш керакки, Венгрия Шенген ҳудудига киради.