Балтиморда нега “қора тутун” кўтарилди?

Шу кунларда Америка матбуотининг асосий эътибори Балтимордаги воқеаларга қаратилган. Бугун АҚШнинг Балтимор шаҳри намойишлар тўлқини билан қамраб олинган.

Нимадан бошланди?

Шу йилнинг 12 апрель куни полиция ходимлари Балтиморнинг қолоқ туманларидан бирида Фредди Грейни ҳибсга олишади. Аввалига у полиция ходимларидан қочиб қолмоқчи бўлади, аммо кейинчалик уни қўлга олишади. Полиция унинг қўлида омборхона пичоғи борлигини айтган. Гувоҳларнинг фикрича, полиция Грейни икки буклаб, машинага тиққан. Айни пайтда у тиббий ёрдам кўрсатишларини сўраган. Полиция ходимларининг дастлабки билдиргисида Грей қўлга олинаётганда куч ишлатилмаганини ёзишган. Грейнинг қўлга олиниши ҳаваскор видеога олган. Лекин ушбу видео асосида жиддий куч ишлатилганини баҳолаб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам Фредди Грей 19 март куни ўша кунги олган жароҳати туфайли вафот этди.

Полиция нима демоқда?

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, Фредди Грей полиция машинасига олиб чиқилаётганда хушида бўлган. У бир неча марта ёрдам кўрсатишларини сўраган. Аммо полиция унинг мурожаатларига эътибор қаратмаган. Балтимор полицияси Грейни машинага олиб чиққанида хавфсизлик камари тақилмагани, бу жиддий хато эканини тан олган. Ички ишлар идоралари хулосасига кўра, полиция машинасида Грейга номаълум сабабларга кўра тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилган. Ички суриштирув пайтига Балтимор полициясининг 6 нафар ходими ойлик маоши сақланган ҳолда ишдан озод қилинган.

Балтиморликларга бунга қандай муносабат билдирди?

25 апрель куниёқ шаҳарда вазият издан чиқа бошлади. Гап шундаки, ўша куни тинч намойишга чиққан минг нафарга яқин киши маҳаллий бейсбол стадиони олдида полиция ходимларига турли идишлар ва буюмларни ота бошлашди. Дастлаб полиция ходимлари вазиятга аралашмади, аммо орадан бирмунча вақт ўтиб, намойишчиларни қўлга олишга киришиб, тартиббузарлар оммавий қувғин қилина бошланди. Анча агрессив бўлган ўнлаб намойишчилар қўлга олинди. Оқибатда кун охирига бориб, олтита полиция машинаси, бир неча магазинлар ойналари вайрон қилинган. Ўшандагина Фредди Грей оиласи намойишчиларни зўравонликдан тийилишга чақирди.

27 апрель куни эса Фредди Грейни дафн этишди. Шаҳар кўчаларига юзлаб ёшлар чиқишиб, магазинларни вайрон қила бошлади, машиналарни ёқишди, полицияга турли буюмларни улоқтиришди. Натижада 15 нафар полиция ходими тан жароҳати олди, 27 нафар намойишчи ҳибсга олинди.

Вазиятнинг кескин тус олиши натижасида Мэриленд штати маъмурияти шаҳарга Миллий гвардия қўшинларини жалб қилди. Агар зарурат туғилса, уларнинг сони 5 минггача кўпайтирилиши мумкин. 28 апрелдан шаҳарда кеч соат 22.00дан эрталаб 5.00гача комендантлик соати эълон қилинди. Ушбу тартибга камида 4 майга қадар амал қилиш керак бўлади. Штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

SHARE