Соуд Нашмий ал-Хорижий: Кувайт Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор

Жорий йилнинг 27-28 апрель кунлари Кувайт Давлати парламенти аъзоларидан иборат делегация Ўзбекистоннинг бир қатор давлат идораларида музокаралар ўтказди. Делегацияга Кувайт Давлати Миллий мажлиси парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Соуд Нашмий ал-Хорижий бошчилик қилди.

Кувайт делегацияси Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Сарвар Отамуратов билан учрашган. Ўзбекистон парламенти матбуот хизмати хабарига кўра, музокарада қонун чиқарувчи идоралар ўртасидаги алоқалар икки томонлама сиёсий мулоқотни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган.

Хусусан, делегация раҳбари Соуд Нашмий ал-Хорижий Кувайт Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини урғулаган.

Кувайт қонун чиқарувчиларидан иборат делегация Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алишер Қурмонов томонидан ҳам қабул қилинган. Кувайт ахборот агентлиги (KUNA) хабарига кўра, мулоқот асносида Кувайтнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши муваққат аъзолигига (2018-2019) номзодлиги, кувайтликлар учун Ўзбекистонга виза тартибини енгиллаштириш масалалари, шунингдек, турли соҳалардаги ҳамкорликнинг бугуни ҳамда истиқболлари муҳокама қилинган.

Кувайт Ўзбекистоннинг араб дунёсидаги муҳим ҳамкорларидан саналади. Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1994 йил июлда ўрнатилган.

2004 йил январда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Кувайтга расмий ташриф билан борган. Ўз навбатида, 2008 йил июлда Кувайт Амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Ўзбекистонга келган. Давлат раҳбарлари ташрифи чоғида ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланган.

Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси салкам йигирма йилдан буён Ўзбекистондаги турли ижтимоий лойиҳаларни молиявий дастаклаб келмоқда. Жамғарма илк бор 1997 йилда Нукус ва Урганч шаҳарлари сув таъминотини такомиллаштириш учун 19,8 миллион АҚШ доллари ажратган эди.

2004 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Жамғарма соғлиқни сақлаш, энергия ва сув таъминоти ҳамда ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича 9 та лойиҳага 215 милллион долларлик кўмак кўрсатган.

2008 йили жамғарма яна ўнта йирик лойиҳага 375,2 миллион АҚШ доллари ажратган. Улар орасида Ғузор-Чим-Кўкдала йўлини реконструкция қилиш, Республика ихтисослаштирилган кардиохирургия марказини юқори технологиялар билан таъминлаш, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ирригация тармоғини тиклаш каби лойиҳалар бор.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Ўзбекистон 2015-2019 йилларда араб молиявий институтлари, жумладан, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармасининг 700 миллион АҚШ долларидан ортиқ кредитини жалб қилади.

Собир САЛИМ

SHARE