Ватандошимиз Рўзи Назар 98 ёшида вафот этди

Ватандошимиз, Америка — Туркистон ассоциациясининг асосичиларидан бири Рўзи Назар 98 ёшида вафот этди.

Рўзи Назар (Рўзмуҳамад Умирзоқов) 1917 йили Марғилон шаҳрининг Гулвардор маҳалласида туғилган. Отаси уста Умурзоқ ўз касбини санъат даражасига етказган, махалланинг обрўли кишиларидан бўлган. Онаси Тожинисо Холмат қизи саводли, шоиртабиат, зийрак, форс ва араб тилларини яхши билар, мактаб очиб, махалла қизларига сабоқ берарди.

Рўзи Назар 20-йилларда Марғилондаги ўрта мактабда таълим олиб, 30-йилларда еса Тошкентга келиб ўқийди. 20–30-йилларда Ўзбекистонда бўлаётган барча тарихий воқеаларнинг гувохи бўлади.

1940 йили армияга чақирилади. Одесса шахрида Рўзи Назарни кимё-мудофаа курсига ўқишга жўнатадилар. Курсни тугатгач, ҳарбий унвон олиб, мухандис сифатида ҳарбий қисмга қайтиб келади. 1941 йилнинг ёзида II Жаҳон урушида иштирок этган Рўзи Назар жангларнинг бирида ярадор бўлиб, немислар оккупация қилган ерда қолиб кетади.

Рўзи Назар 1958 йили Эргаш Шермат, Исоқжон Нарзиқул, Мақсуд Бек, Ҳусайин Икром, Шарифжон Али Беклар билан биргаликда Туркистонликларнинг Америкадаги жамиятини тузишда иштирок этади. 1992 йилнинг май ойида, 52 йиллик жудоликдан сўнг Рўзи Назар Ўзбекистонга кириб келади.

“Ватандош” газетаси жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради.