Ўзбекистонда ҳокимлар ҳисоботлари интернетда эълон қилинади

Ўзбекистонда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун янги 251-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ҳисоботларини тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман ва шаҳарнинг ўтган йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида тақдим этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, ҳокимларнинг ҳисоботини муҳокама этишда Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида, шунингдек, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашларида белгиланган баҳолар ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Қонунга киритилаётган қўшимчада халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг иштирок этиши имкониятининг белгиланмоқда.

Муҳокама якунларига кўра халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилинади, унда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва ҳокимлар ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилиб, уларнинг ишини янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек, қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлашга доир чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатларни ОАВ ва веб-сайтларда эълон қилиш шартлиги назарда тутилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасида халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари ва ҳокимлар ҳисоботларининг расмий нашрлар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари веб-сайтларида эълон қилиниши шарт кўзда тутилаётир.

Қонун депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, кучга кириши учун уч ўқишда қабул қилиниши, сенаторлар томонидан маъқулланиб, Президент имзолгач, матбуотда эълон қилиниши керак.

SHARE