Сауд Арабистони бошқарувида ўзгаришлар рўй берди

Сауд Арабистони подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Салмон бин Абдулазиз Оли Сауднинг жорий ҳафтадаги фармони билан 2012 йилдан буён мамлакат ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келган шаҳзода Муҳаммад бин Нойиф валиаҳд деб эълон қилинди.

Саудия ахборот агентлиги (SPA) хабарига кўра, аввалги валиаҳд – Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари Муқрин бин Абдулазиз ўз илтимосига кўра лавозимидан озод этилган.

55 ёшли Муҳаммад бин Нойиф ички ишлар вазири сифатида хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда террорчиликка қарши кураш жабҳасида жонбозлик кўрсатиб келган.

Шунингдек, Сауд Арабистони подшоҳининг фармони билан шаҳзода Муҳаммад бин Салмон валиаҳд ўринбосари этиб тайинланган. 30 ёшли Муҳаммад бин Салмон мамлакат мудофаа вазири ва Ямандаги исёнчиларга қарши иттифоқчи кучлар томонидан амалга оширилаётган халқаро ҳарбий операция етакчиларидан бири саналади.

Мазкур ҳодиса таҳлилчилар томонидан подшоҳлик тарихидаги янги саҳифа сифатида баҳоланмоқда. Негаки, ҳозирга қадар мамлакатни Сауд Арабистони асосчиси подшоҳ Абдулазизнинг фарзандлари идора этиб келган. Янги валиаҳд Муҳаммад бин Нойиф ва унинг ноиби Муҳаммад бин Салмон эса давлат асосчисининг набиралари саналади. Бу эса мамлакат бошқаруви келгусида учинчи авлод қўлига ўтишини англатади.

Жорий ҳафтадаги ўзгаришлар Сауд Арабистони ташқи сиёсат маҳкамасини ҳам четлаб ўтмади. “Saudi Gazette” нашри хабарига қараганда, 1975 йилдан буён Сауд Арабистони ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган шаҳзода Сауд ал-Файсал саломатлиги боис лавозимидан бўшатилган. Сауд Арабистонининг АҚШдаги элчиси (2007–2015) Одил ал-Жубайр янги ташқи ишлар вазири этиб тайинланган.

53 ёшли Одил ал-Жубайр Германия ва Америка олий ўқув юртларида таҳсил олган. 30 йилдан буён дипломат сифатида ишлаб келади.

Араб-Америка институти президенти Жеймс Зогби оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Сауд Арабистони сўнгги пайтларда янгиланиш, ислоҳот ва модернизация томон юз бураётгани, навбатдаги ўзгаришлар шу йўлдаги яна бир қадам эканини айтган.

Сауд Арабистони араб оламининг етакчи давлати, мусулмон дунёсининг маънавий маркази саналади. Сайёрамиз нефть захирасининг чорак қисмига эгалик қилаётган мамлакат дунё энергия бозорининг муҳим иштирокчи ҳамдир.

Мамлакатни жорий йил 23 январдан буён подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Оли Сауд бошқариб келмоқда. Сауд Арабистони подшоҳи, Икки муқаддам масжид ходими дастлабки телемурожаатида Оллоҳнинг мадади ила марҳум подшоҳ Абдулазиз бошлаб берган йўлдан оғишмаслигини маълум қилган. Айни чоқда, у мусулмон ва араб дунёсини бирлик ҳамда аҳилликка чорлаб, Сауд Арабистони турли ҳужумларга қалқон бўлишга тайёрлигини билдирган.

Собир САЛИМ

SHARE