Техасда Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган кўргазмага ҳужум уюштирилди

Американинг Техас штатидаги Гарленд шаҳрида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га карикатура кўргазмаси бўлаётган жойда отишма юз берди. NBC News хабар беришича, ўт очган икки нафар киши полиция томонидан отиб ўлдирилган, кўргазма қоровули эса тан жароҳати олган

Воқеа якшанба куни соат 19.00да кўргазма залининг парковкасида юз берди. “Ўқ овозини эшитганимизда энди кетмоқчи эдик”, дейди гувоҳлар. Уларнинг сўзларига кўра, воқеа жойида ўнлаб полиция ходимлари ҳозир бўлиб, кўргазмага ташриф буюрганларни ичкарида қолишни тавсия қилишган.

Шундан сўнг, бир неча маротаба ўқ отилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари автомобиль тўхташ жойига етиб боришади. Кўргазма залидан 75 нафар киши хавфсиз жойга олиб чиқилади.

Полиция ходимлари кўргазма марказини ўраб олди. Бино ёнида шубҳали автомобиль аниқланган ва оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, унда портловчи модда мавжуд. Полиция ҳозирда автомобилни текширмоқда.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ушбу терактни “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти ўз бўйнига олган.