Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистонга ташриф буюради

Ҳиндистон ҳукумати раҳбари Нарендра Моди 2015 йилнинг июлида Ўзбекистонга ташриф буюради.

The Indian Express нашри маълумотларига кўра, Моди Ўзбекистонга ташрифи чоғида бандлик марказининг очилишида иштирок этади. Интернет манбаларига кўра, ташриф июль ойининг биринчи декадасида амалга оширилади. Маълумотларга кўра, Моди 7 июлда Қозоғистонга, 11 июлда Туркманистонга боради.

Бандлик маркази Ҳиндистон тадбиркорлик институти (Entrepreneurship Development Institute of India , EDI) ташаббуси билан ташкил этилмоқда.

Kun.uz сайтининг ёзишича, марказ Ҳиндистон тадбиркорлик институтининг Марказий Осиёдаги илк маркази бўлади. Бундай марказлар ҳозирда Лаос, Камбожа, Вьетнам ва Мьянмада муваффақиятли фаолият юритмоқда. Марказларда янги корхоналар ташкил этиш ҳамда бизнес юритиш учун янги имкониятларни аниқлаш дастурлари бўйича таълим берилади.

Ўзбекистонда бундай илк марказ Тошкентда, кейин эса Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё вилоятларида ҳам очилиши кўзда тутилмоқда.