Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Галина Саидова 2015 йилда мамлакат иқтисодиёти олдида турган асосий муаммолар хусусида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилда пенсия тизимини такомиллаштириш жуда муҳим вазифалардан бирига айланади. Бу ҳақда “Подробно.ўз” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Пенсия тизимининг ўрта ва узоқ истиқболдаги асосий мақсади пенсионерларнинг асосий ижтимоий ҳуқуқларини амалга ошириш учун шароит яратишдир. Фуқаролар пенсияга чиққанидан сўнг ўзини ҳимояланган ҳис қилиши учун пенсиянинг энг кам миқдорини, ёш бўйича ва ногиронлик пенсияларини ошириш мақсадга мувофиқ бўлади. Ушбу вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ мауаммолар шундаки, 2030 йилга бориб мамлакатимизда пенсионерлар сони икки баравар кўпаяди. Шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳолининг жамғариб бориладиган пенсия таъминотига қамраб олишни кенгайтириш зарур”, деди Галина Саидова.

Вазирнинг фикрларига кўра, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларига эътиборни кучайтириш лозим. Чунки улар иқтисодиётда яратилаётган иш жойлари учун кадрларни тайёрлайди.

HelpAge International ташкилотининг 2014 йилги ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон аҳолисининг 6,7 фоизи пенсионерлар бўлиб, уларнинг сони 2030 йилга бориб 11,6 фоизга, 2050 йилга бориб эса 19,4 фоизга кўпаяди.

Ўзбекистон давлат стастика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда аёлларнинг ўртача умр кўриши 75,8 йилни, эркакларники эса 71,1 ёшни ташкил қилмоқда. 2014 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра, республикада доимий аҳоли сони 30 миллион 702,8 минг кишини ташкил қилди ва йил бошидан 0,7 фоизга кўпайди.

БМТ маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси йилига ўртача 1,5 фоизга кўпаймоқда.

Ўзбекистон экспертларининг фикрича, мамлакат пенсия тизими бугунги кунда аҳолининг 11 фоизига хизмат кўрсатмоқда. Бу кўрсаткич Россияда 28 фоизни, Беларусда 26 фоизни, Украинада 29 фоизни ташкил қилмоқда. МДҲнинг бошқа мамлакатларида ушбу кўрсаткич 12-18 фоизни ташкил қилмоқда.