АҚШ давлат департаменти 2016 йил “Турли миллат вакиллари учун иммиграция визалари – DV” (Green Card) лотереясига рўйхатдан ўтганлар ютган ёки ютмаганлигини текшириб кўришлари мумкин. Бу ҳақда лотерея сайтида маълумот берилди.

Унда қайд этилишича, 2014 йил 1 октябрдан 2014 йил 3 ноябргача рўйхатдан ўтганлар ўз идентификация рақамлари билан текширувдан ўтишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, лотереяни текшириб кўриш учун рўйхатдан ўтган пайтдаги паролни сайтга киритиш талаб қилинади. Жавобларни текшириб кўриш 2015 йилнинг 30 сентябрига қадар давом этади.

Ҳар йили АҚШ ҳукумати АҚШга иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар – DV» дастури орқали 50000 та доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади. Визага мурожаат этувчилар компьютер орқали амалга ошириладиган тасодифий танлов лотереяси ёрдамида сараланади. Шахснинг исми лотереяда танланиши унга иммиграцион визага мурожаат этиш жараёнининг кейинги босқичларини ўтиш имкониятини беради.