Америка сеҳрли диёр,

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.

Денгиз ортин ёритди илк бор,

Берунийнинг ақл машъали.

 

Абдулла Орипов

 

Америка диёри, замини бугунги даражага етиши учун кўплаб инсонларнинг ақлий, жисмоний меҳнати сарф бўлган. Бугунги кунда ҳам Америкада ҳар бир инсон вақтнинг қадрига етиб, ундан унумли фойдаланиш учун кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилади. Американинг бундан кейинги тараққиёти, ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади.

Бу ўлка юксалибгина қолмай, дунёнинг турли мамлакатларидан турли ирқ ва миллат вакилларини ўз бағрига олиб, таълим-тарбия соҳасида ҳам юқори малакали мутахассисларни етиштириб чиқаради.

Мен 16 ёшимда ота-онам билан “Green Card” лотереясини ютиб, Америкага келганман. Дастлаб Abraham Lincoln номидаги мактабда ўқиб, ҳозирги кунда бакалавр даражасини олиш учун таҳсил оляпман. Мактабда тенгдошим Муштарий Икрамова билан учрашдим. У жудаям одобли, зеҳнли, аълочи қиз эди. Америкага 3 ёшида келиб, боғча ва мактабларда аъло баҳоларга ўқиб, академик лицейни имтиёзли диплом билан тугатди. Бу имтиёзлар натижасида у Колумбия университети грантини ютиб олди. Бу унинг ҳаётидаги улкан ютуқларидан бири бўлди, десам муболаға эмас.

Мен ҳам Муштарийга ўхшаб яхши ўқиб, келажакда она-Ватанимга хизмат қиладиган юқори малакали мутахассис бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Шу билан бирга, отамнинг болалигимизда биз фарзандларига ўқиб берган “Луқмони Ҳакимнинг ўғлига айтган насиҳатлари”ни қайта-қайта эслаб тураман ва амал қилишга ҳаракат қиламан. Бу насиҳатлар қуйидагилардан иборат эди:

“Аввало сўзни ўзингга яраша гапир, одамларнинг қадр-қимматини англа, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини тан ол, сирини маҳкам сақла. Одамларни бошингга иш тушганда сина, дўстни фойда ва зарарда имтиҳон қил. Доно ва зийрак одамлар билан дўст тутин, аблаҳ ва нодон одамлардан қоч, хайрли ишларни амалга оширишга жидду-жаҳд билан кириш. Сўзни ҳужжат билан гапир, маслаҳатни доно одамлар билан қил, ёшликни ғанимат бил. Ёшликда керакли ишларни қилиб қол. Дўстларингни ҳурмат қил, уларнинг хизматларини жон, деб қабул қил. Устозингни иззат қил. Чиқимни киримга яраша қил. Улуғлар суҳбатида ўтирсанг, тилингга эҳтиёт бўл.

Кўпчилик ичида бўл, либосингни покиза тут, болларингни илмга, адабга ўргат. Тунда гапирсанг, паст овозда гапир, кундузи гапирсанг — атрофдагиларга эътибор бер. Кам гапириш ва кам ейишни одат қил. Ўзингга раво кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўр. Ҳар бир ишни ақл билан қил, бировнинг нарсасига кўз тикма. Пасткаш кишилардан вафо кутма, қилинмаган ишни бажарилганга ҳисоб қилма.

Нокас ва бахил кишилардан яхшилик умид қилма. Ўзингдан улуғ кишилар билан ҳазиллашма. Ҳожатманд кишиларни қуруқ қайтарма, бировларнинг устидан эса фармонбардорлик қилма. Бировнинг яхшилигини яхшилик билан қайтар. Икки одамнинг ўртасида чақимчилик қилма. Бугунги ишни эртага қўйма”.

Ушбу насиҳатлар бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмасдан, биз ёшларга жуда ас қотмоқда.

Шу аснода мен бу ерга келиб шуни сездимки, охирги вақтларда “Green Card” лотереясини асосан ёшлар ва ёш оилалар ютмоқда. Бунинг сабаби ҳаммамизга маълум. Аммо, бу ерга оиласи билан келиб, улғаётган ёшлар ҳам бировдан кам эмас, худди мен каби шароитларда яшашади. Афсуски, улар орасида мактабни битириб, ўқишини давом эттиргувчилар сони жуда кам. Бу мамлакатда барча имкониятлар муҳаяё этилган бўлиб, ҳаётда кўплаб натижа ва муваффақиятларга эришиш мумкин. Агарда ҳақиқатан ҳам, яхши ўқиб, таълим олса, унинг орзулари ушалади.

Айтмоқчиманки, ҳар бир олинган билим бекорга хор бўлмайди. Масалан, академик лицейимизда илк бор Наврўз тантаналари ёшлар томонидан кенг нишонланди. Умид қилиб қоламанки, бундай тантаналар Америкадаги ёшларимиз орасида янада оммалашади ва нуфузли университетларда ҳам бу анъана тобора кенгаяди.

Америкага келаётган ёшларга озгина бўлса-да ўз тажрибаларим ҳақида шуни айтмоқчиманки, аввало, ўқишни, фақат ўқишни йўлга қўйиш, ўқиганда ҳам чуқур ўқиш лозим. Тўғри, яшаш қийинчиликлари бунга осонгина йўл қўймас, аммо узоқ йиллар давомида “қора меҳнат” деб аталувчи лавозимларда қолишларини хоҳламаган бўлар эдим. Чунки таълим олиш катта имкониятлар эшигини очади.

Азиз таҳририят эгалари ва ватандошлар, бу мақолани сизлар ташкил этаётган саёҳат учун ёздим ва умид қиламанки, мен ҳам 20 нафар киши қаторидан жой оламан. Бу саёҳатга қизиқишим жуда ҳам катта.

Моҳинур Шамсиддин қизи,

2015 йил 28 апрель. Нью-Йорк шаҳри.