Тошкент шаҳрида 2015 йилнинг январь — апрель ойларида оқибати ўлимга олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари сони ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 18,5 фоизга кўпайган.

Бу ҳақда “Новый век” газетаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидаги манбасига асосланиб хабар тарқатди.

Унинг сўзларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаларига асосий сабаб тезликни ҳаддан ташқари ошириш, чорраҳаларни нотўғри кесиб ўтиш, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш ва бошқалардир.

Ўтган тўрт ой давомида Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 2,15 фоиз кўп йўл ҳаракати қоидаларини бузиш аниқланган.

Ҳисобот даврида тезлик билан боғлиқ қоидабузарликлар ўтган йилнинг шу даврига қараганда 7 фоизга кам аниқланган. Светофорнинг қизил чироғини кесиб ўтиш эса 2,5 фоизга камайган.

Хабарда айтилишича, ўтган тўрт ой давомида маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш оқибатида содир этилган қоидабузарликлар сони 27,3 фоизга ўсган.