Ўзбекистонда 68 та корхонадаги давлат улушлари хорижий инвесторларга сотилади

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги 68 та корхонада давлат активларини хорижий инвесторларга сотишни таклиф қилади.

Gazeta.uz сайтининг хабар беришича, бу Ўзбекистон Президентининг 28 апрелдаги қарорида белгилаб қўйилган.

Қарорга кўра, давлат улуши сотувга қўйиладиган корхоналар орасида кимё саноатининг «Навоийазот» (49 фоизи сотилади), «Фарғонаазот» (48,5 фоиз) каби йирик корхоналари, қурилиш соҳасидаги «Қизилқумцемент» (35,9 фоиз), автомобилсозлик соҳасидаги «Жиззах аккумлятор заводи» (33 фоиз), «Алоқабанк» (47,6 фоиз), «Туронбанк» (63,1 фоиз), «Ўзагросуғурта» (24,6) каби молия муассасалари бор.

Шунингдек, 343 та хўжалик субъекти ва корхонасининг давлат улушлари очиқ савдолар орқали модернизация қилиш шарти билан хусусий тадбиркорларга сотилади.

Бундан ташқари, 512 та давлат мулки объектлари, хусусан, қурилиши якунламаган иншоотлар танлов асосида инвестиция мажбуриятлари билан «нол» қийматида сотилади.

Паст рентабелли ва фаолият олиб бормаётган 257 та корхона тугатилади ва бугунги кунда банкротлик жараёнлари бошланган.