Самарқанднинг ташриф қоғозига айланган, шаҳар марказида салобат тўкиб турган Регистон майдонининг ҳозирги кўриниши XVII асрда шаҳар ҳокими Баҳодир Ялангтўшбий олчин томонидан шакллантирилган.

«Регистон» – қумлоқ ер маъноси англатади. Ўтмишда, Хитой манбаларида келтирилганидек, шаҳар Семизкент номи билан аталган даврларда Регистон турган ерда ариқ оққан, тупроғи ювилиб, қумлоқ бўлиб қолган. Ҳозирги Самарқанд шаҳрини барпо қилган соҳибқирон Амир Темур даврида бу майдон савдо ва ҳунармандлар расталари жойлашган марказ бўлган, Мирзо Улуғбек даврида эса илм-фан ўчоғига айланган. Шу ерда Улуғбек салобатли мадраса, ёнида карвонсарой, қаршисида эса сўфийларнинг улкан гумбазли хонақосини қурдиради. Регистоннинг кўҳна иморатлари нурай бошлагач, Самарқанднинг XVII асрдаги амири Ялангтўшбий 1619-1638 йилларда Улуғбек мадрасаси қаршисида Шердор мадрасасини, ёнида эса 1649-1659 йилларда Тиллакори мадрасасини қурдиради. Регистон ансамблининг яратилишига бош бўлган ва биз яхши билмаган Ялангтўш Баҳодир асли ким бўлган?

Ўзбекларнинг Олчин уруғига мансуб Ялангтўш Баҳодир 1576 йилда Самарқандда дунёга келган. Унинг отаси Бойхўжа нақшбандия тариқатининг арбобларидан Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг авлоди Хўжаҳошимнинг муриди бўлган. Ҳозирда Ялангтўш Баҳодир ва унинг қизлари Иқлимабону, Ойбийи Даҳбеддаги мақбарада, Хўжаҳошим Даҳбедий қабрининг оёқлари ёнида дафн этилган. Баҳодирнинг Бойбек исмли ўғли ҳам бўлган, бироқ у отасидан олдин вафот этган.

Ялангтўш Баҳодир 12 ёшдан Бухоро хони Динмуҳаммад ҳомийлигида таҳсил ола бошлайди. Ўқишини мадрасада давом эттиради. Бўлажак ҳоким ва амир-амалдорлар ўқийдиган ҳарбий билим юртида тайёргарликни ўтаб, ўн етти ёшида Булунғур, Оқдарё, Жомбой, Каттақўрғон ҳудудларида жойлашган Олчин уруғининг беги этиб тайинланади. 1595 йилда Бағдодда яна тўрт йил таълим олади.

Бекмуҳаммад хон бўлган даврда Ялангтўшбий хон кенгашининг аъзоси, ҳарбий ишлар буйича маслаҳатчи, ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борди. Бекмуҳаммад вафотидан кейин Ялангтўшбий Бухоро тахтига даъвогар бўлган Шайбоний Абдулмўминни тан олмайди, Аштархонли бўлган Имомқулихоннинг ҳокимиятни эгаллашига кўмак беради. Оқибатда янги хон уни Самарқанднинг амири этиб тайинлайди.

Ялангтўшбий Туркистондаги аштархонийлар ўртасидаги тахт учун бўлган тўқнашувларда иштирок этди. 1611 йилда аштархонийлар вакили Имомқулихон тарафида туриб, рақибларга қарши кураш олиб боргани сабабли янги хон уни 1612 йили Самарқанд амири, оталиғи ва Бухоро қўшинининг бош қўмондони қилиб тайинлайди.

1612 йилда Ялангтўш Имомқулихон қўшинига бошчилик қилиб, Тошкент ва Туркистонни Бухоро ҳудудига киритди. 1614 йилда Хуросонга, 1618 йилда Ҳиротга юриш қилади. Аштархонийларнинг жанубий чегараларини ҳимоя қилиб, ҳозирги Афғонистонда ҳарбий юришларга бош бўлади. 1621 йилда Туркистонга бостириб келган қозоқлар етакчиси Турсун султон қўшинини тўхтатиб, хонлик ҳудудидан ҳайдаб чиқаради.

Бироқ, қозоқ бийларининг Тошкент атрофидаги ҳудудларга юришлари барҳам топмади. 1628 йили Тошкентга босқинчилик юришини уюштирган қозоқлар хони Абули Султон Ялангтўш Баҳодир томонидан Тошкент остонасида тор-мор қилиниб, Қашқарга қадар қувиб юборилди. Сайрам ҳам босқинчилардан озод этилди.

1646 йили Бухоро хони Абдулазиз ва бобурий Шоҳжаҳон ўртасида Хуросон ва Балхга эгалик қилиш учун пайдо бўлган келишмовчилик урушга сабаб бўлади. Ялангтўш Абдулазизхон билан душманлик муносабатида бўлиб, Самарқандни амалда мустақил бошқараётганлигига қарамай, хонлик ҳудуди яхлитлиги учун аштархонлилар тарафида курашиб, Шоҳжаҳоннинг енгилишига муносиб ҳисса қўшади.

Кейинчалик Ялангтўш Эронга юриш қилиб, Машҳад ва яна бир қанча шаҳарларни босиб олади.

Ҳозирда Ялангтўш Баҳодирнинг авлодлари Самарқанд шаҳри ва унинг атрофларида яшаб келишмоқда.

Пошали УСМОН,
Эркин МУСУРМАНОВ,
СамДЧТИ ўқитувчилари.

“Зарафшон” газетасидан олинди.