kremlin.ru

Москвада МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ислом Каримов, Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев иштирок этди.

Кремль матбуот хизматининг хабар беришича, Владимир Путин ҳамкасбларига “Буюк Ғалабанинг 70 йиллигини нишонлаш, умумий тарихимизга, фахрийларимизга эҳтиром кўрсатиш, нацизмга қарши курашда ҳалок бўлганларни хотирлаш мақсадида” Москвага келганликлари учун миннатдорлик билдирди.

Владимир Путин, ўз навбатида, Ислом Каримовни сайловдаги ғалабаси билан яна бир марта қутлаб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари янада ривожланишига умид билдирди.

Норасмий саммит иштирокчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларини сайловдаги ғалабалари билан қутлашди.

Давлат раҳбарлари жорий йил октябрь ойида Остонада бўлиб ўтадиган МДҲ мамлакатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси юзасидан ҳам фикр алмашишди.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, Ислом Каримов худди шу куни Тошкентга қайтиб келди. Ислом Каримов 9 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этади.