Бухорода қадимий Қоровулбозор сардобаси тикланади

Бухорода ЮНЕСКОнинг 35 миллион сўм миқдорида грант маблағи ҳамда туман ҳокимлиги кўмагида қадимий сардоба тикланади ва ободонлштирилади.

Хомаки ҳисоб-китобларга кўра қайта таъмирлаш ишларига 120 миллион сўм маблағ сарфланади. Амалий ҳаракатлар эса жорий йил май ойидан бошланади.

“Бухоронома” газетасининг ёзишича, Буюк ипак йўлининг шимолий қисми ҳозирги Марказий Осиё ҳудудидан ўтган. Бу савдо йўлининг аксарият қисми бепоён чўл-саҳродан иборат. Ер ости сув йўлларининг қуриб қолиши ва кўмилиб кетиши сабабли сув танқислиги муаммоси йўловчиларни доимо қийнаб келган. Айниқса, жазирама ойларда бу муаммо яққол кўзга ташланган. Чўллардаги қор ва ёмғир чучук сувидан фойдаланишга бўлган интилиш аждодларимизни сардобага ўхшаш иншоотларни барпо қилишга ундаган. Ўзига хос гидроиншоотда йиғилган сувнинг ерга сингишини камайтириш чоралари кўрилиб, унинг буғланиб кетишини камайтириш мақсадида ҳовузларнинг усти ёпилган.

Биргина Бухоро—Қарши карвон йўли бўйида барпо этилган бешта сардоба ҳақида маълумотлар бор. Улар Қўш, Бўзачи, Қақир, Бузург ва Қоровулбозор сардобалари. Ҳозирда Қоровулбозор ва Бўзачи сардобаларигина сақланиб қолган. Бошқалари эса ўтган аср бошларида бузиб ташланган ва талон-торож қилинган. Баъзи илмий асосларга биноан бундан 400 йил илгари ҳозирги Қоровулбозор тумани ҳудуди одамлар яшаш манзилига айлана бошлаганлигини инобатга олсак, сардобалар ана шу маданийлашувга хизмат қилган тарихий обидалар сифатида катта аҳамиятга эга. Луғавий маъносига эътибор қилсак, сардоба сўзи форс тилидан олинган бўлиб, сард—совуқ, об—сув сўзларидан келиб чиққан. Шу жиҳатнинг ўзиёқ мазкур иншоот сувни совуқ сақлаш учун хизмат қилганлигини билдиради.

Қоровулбозор сардобаси шаҳар марказига кираверишда жойлашган. Унинг учта дарвозаси бўлиб, ҳовузининг диаметри 16 метрдан зиёд. Гумбазининг баландлиги эса 6,5 метрга тенг. Сардоба дарвозаларидан ташқари, сув тушиши учун мўлжалланган махсус тешиклар ва тепасида туйнуклар бор. Иншоот пишиқ ғишт билан ганч қоришмасидан қурилган.

Тумандаги Чўлқувар маҳалласи раиси Ўктам Хайриевнинг айтишича, сардобани таъмирлаш орқали улар кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорои шарифга ташриф буюраётган сайёҳлар нигоҳини ўзларига қаратишни ният қилган. “Бу билан Қоровулбозор номи сайёҳлар харитасига киритилиши баробарида туризмни ривожлантиришга ҳам ҳиссамиз қўшиларди”, деди у.

SHARE