АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен хоним Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалаба куни муносабати билан баёнот берди.

Элчи ўз баёнотида Америка Қўшма Штатлари элчихонаси ҳамда Америка халқи номидан Ўзбекистон халқи ва уларнинг оилаларига Ғалаба кунининг 70 йиллиги муносабати билан энг эзгу тилакларини йўллаган.

“Жаҳон тарихидаги энг қайғули урушлардан бири якун топган кунни нишонлар эканмиз, биз албатта Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон фахрийлари қилган қурбонликларни ҳам ёдга оламиз. Биз бу ветеранлар хотираси ва жасоратини шарафлаймиз. Шунингдек, ўзбек халқи Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган катта фидокорликни чуқур ҳурмат қиламиз. Умидимиз шулки, дунё бундай азоб ва уқубатларни қайта бошдан кечирмайди. Сиз ва фарзандларингиз келгуси йилларда ҳам тинчлик, фаровонлик ва қадр-қимматда яшашда давом этаверсин”, дейилади баёнотда.

АҚШ элчиси 9 май куни Тошкентдаги Мотамсора она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.