Тошкент шаҳрида 22-23 апрель кунлари бўлиб ўтган “Фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашда касаба уюшмаларининг роли: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуига бағишланган халқаро конференция хорижий давлатларнинг ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари ўртасида катта қизиқиш уйғотгани баробарида, маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.

Маълумки, ушбу халқаро тадбир юқори даражадаги, нуфузли эксперт ва мутахассисларни ўз атрофига жамлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳар икки палатаси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти, Касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг раҳбарлари, Германия, Дания, Грузия, Хитой, Қозоғистон, Литва, Молдова, Россия, Франциядан келган халқаро экспертлар иштирок этган ушбу анжуман барча давлатлар ва жамиятлар учун долзарб бўлган мавзуни муҳокама қилишга имкон берди. Қолаверса, мазкур конференция фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан дунё жамоатчилигини яқиндан ва самарали таништиришга шароит яратди.

Мазкур халқаро анжуман тараққиётнинг “ўзбек модели”га, унинг энг асосий тамойилларидан бири бўлган кучли ижтимоий сиёсат юритишга нисбатан халқаро миқёсдаги қизиқишни кучайтирди ва у ўзининг катта акс садосини берди.
Мисол учун, ушбу халқаро конференция ва унинг якунлари тўғрисидаги ахборот Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида ташкилотга аъзо 193 мамлакат ўртасида тарқатилди. Миллатлар ҳамжамияти мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари муҳрлаб қўйилгани, улар меҳнат соҳасидаги халқаро меъёрларга тўла мос келиши, ёшлар ва аёллар бандлиги таъминланишидаги алоҳида имтиёз ҳамда кафолатлар, ишчилар учун муносиб меҳнат шароитларининг яратилгани, аёлларга бола парвариши учун қўшимча таътиллар берилиши, оналик билан боғлиқ турли ҳақ тўловлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси юзасидан кўрилаётган бошқа чора-тадбирларга доир батафсил маълумотлар билан танишди.

Шу билан бирга, мазкур конференция якунлари тўғрисидаги материаллар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 57 та иштирокчи давлати, ЕХҲТ институтлари ва дала миссиялари, шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳам тарқатилди.

Тошкент халқаро форуми мавзуига нисбатан қатта қизиқиш ва эътиборни чет элларнинг оммавий ахборот воситаларида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, Латвиянинг “Baltic News Service” (BNS) янгиликлар порталида чоп этилган ушбу конференция ҳақидаги мақолада Ўзбекистон касаба уюшмалари фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги вазифаларини адо этиш билан боғлиқ батафсил маълумотлар анжуман иштирокчилари эътиборига ҳавола этилгани хусусида сўз боради.

BNS мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат олиб борилаётгани туфайли ходимлар ва улар оила аъзоларининг манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари яратилгани билан ўз ўқувчиларини таништиради.

“Мамлакатда 2014 — 2016 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишув амал қилмоқда”, деб ёзади “Baltic News Service”.

 

Ушбу ҳужжат ходимларнинг турли тоифалари учун муносиб меҳнат шароитлари яратилишини таъминловчи мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилишини кўзда тутади. Ҳужжат орқали мамлакатимизда 90 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишув, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 100 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Барча жамоа-шартномавий ҳужжатларда муносиб меҳнатнинг расмий бандликка кўмаклашиш, муносиб иш ҳақи тўлаш, меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлиги, ходимларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ҳимояси, хотин-қизлар ва ёшлар учун имтиёзлар, Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига риоя этиш каби таркибий қисмлари аниқ белгилаб қўйилган.

 

Ҳиндистоннинг “Sarkaritel” ва “Diplomacy India” ахборот-таҳлил порталлари ўз ўқувчилари эътиборига Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот йўлга қўйилгани ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилаётгани хусусида хорижий экспертлар ҳамжамияти вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва баҳоларни ҳавола қилган. Мазкур оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда меҳнат соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида бой тажриба тўплангани, ходимларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш учун касаба уюшмаларига кенг ваколатлар берилгани ва бундай имкониятлар самараларига эътибор қаратишган.

Конференция якунлари ҳақида тўхталар экан, “Sarkaritel” қуйидагиларни ёзади:

“Халқаро ташкилотлар, хориж касаба уюшмалари вакиллари ва чет эллик мутахассислар фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳолашди. Хусусан, республикада бандлик имкониятларини кенгайтиришда ва даромад олишда, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш тизимларини такомиллаштиришда юқори натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди.

 

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда меҳнат қонунчилиги ва фуқароларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлари халқаро меъёрларга тўла мос, кўплаб масалаларда эса улардан устунликка эгадир. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи ва муносиб меҳнат ҳақига бўлган ҳуқуқи тўла таъминланган.

Корхоналарда, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида имзоланадиган жамоа шартномалари асосида бандликка кўмаклашиш, ташкил этилаётган янги иш жойларида қулай ҳамда хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимларнинг муносиб меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, уларга қўшимча имтиёз ва кафолатлар бериш, кадрларни қайта тайёрлаш бўйича иш олиб борилмоқда”.

Халқаро меҳнат ташкилоти бош мутахассиси Сергеюс Гловацкас билдирган фикрларни келтирар экан, портал мазкур конференция Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилотининг ўтган йиллар давомидаги қизғин қўшма ишларига мантиқий якун ясаганини қайд этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида 2014 — 2016 йиллар учун Муносиб меҳнат дастури қабул қилинганлиги муҳим воқеа бўлди. “Ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришга йўналтирилган турли қўшма лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан фаол ҳамкорлик давом этади. Бу, энг аввало, Муносиб меҳнат дастурини ҳаётга татбиқ этиш бўлади”, деб ёзади “Sarkaritel”.

Ўз навбатида, “Diplomacy India” портали Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимлар фаолияти бўйича Европа бўлими бюросининг катта мутахассиси Вольфганг Люттербахнинг фуқароларда меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлар кафолатларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси қизиқарли ва ўрганишга арзиши бўйича билдирган фикрларини келтиради.

“Мамлакатда 2014 — 2016 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишувда фойдали жиҳатлар кўп. Ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги муносабатлар регламентлаштириб қўйилган, локал ҳужжатларнинг амалга оширилиши бўйича эса самарали ва шаффоф жамоатчилик назорати механизмлари шакллантирилган. Бундай ижтимоий мулоқот тегишли масалаларни ижобий ва самарали ҳал қилиш имконини беради”.

Конференциянинг хорижлик иштирокчилари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳам Ўзбекистонда бу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирларнинг ҳаққонийлиги ва аҳамиятлилигидан далолат беради.

Жумладан, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котибининг биринчи ўринбосари Яап Винен мамлакатимизнинг бу соҳада қўлга киритган муваффақиятларига юқори баҳо берар экан, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан сермаҳсул ҳамкорлиги янада кенгайишига умид билдирди.

“Бундай сермаҳсул алоқалар натижасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига аъзо бўлишига умид қиламан, чунки бу икки тизимни умумий мақсад бирлаштириб туради — аҳолининг меҳнат қиладиган қисми ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш”, дея таъкидлади эксперт.

Ўз навбатида, Франция Меҳнат умумконфедерацияси вакили Пьер Кутаз Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатидаги юқори даражадаги аъзоликка, уларнинг сони 6 миллиондан ошишига эътиборини қаратди. “Францияда касаба уюшмаларига аъзоликнинг даражаси бундай катта эмас, — деди у интервью чоғида. — Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясидек шундай катта жамоат ташкилотини аёл бошқараётгани ҳам эътиборга моликдир. Франция Меҳнат умумконфедерацияси бир асрдан зиёд давр давомида мамлакат меҳнат кишиларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган энг кўҳна ташкилотлардан бири бўлишига қарамасдан биз бунга эришолганимиз йўқ.

Шуниси жуда муҳимки, Ўзбекистон ёшларни қўллаб-қувватлашни ўз сиёсатининг асосий устуворликларидан бири, деб эълон қилган. Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан бу нозик гуруҳига алоҳида эътибор қаратилиши, ходимларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларга муносиб меҳнат ҳақи тўланиши, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси таъминланиши, улар учун имтиёзлар берилиши зарур”.

Шу тариқа Ўзбекистоннинг ижтимоий меҳнат соҳасидаги тажрибасига нисбатан халқаро ҳамжамият томонидан бўлаётган қизиқишнинг сабаби республикамизнинг бу борада қўлга киритган юксак муваффақиятлари билан изоҳланишини Тошкент конференцияси якунлари яна бир бор тасдиқлади. Шунингдек, ушбу анжуманнинг якунлари жаҳондаги энг илғор тажрибани ўрганиш, шу жумладан, хорижлик шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш воситасида ўзаро меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш ишига кўмаклашади.

Нью-Йорк, 2015