Кўпчиликка маълумки “Ватандош” жамиятининг ташкил этилганига кўп бўлмаганига қарамай, тез-тез турли йиғилишлар, тадбирлар ва лойиҳалар уюштириб туришади.

Куни кеча ушбу жамият ташаббуси билан Нью-Йоркдаги ватандошларимиз билан АҚШпойтахти Вашингтон округи (DC)га саёҳат қилдик. Саёҳат бир кунлик бўлган бўлса-да, ватандошларимиз унутилмас таасауротларга эга бўлиб қайтишди. Пойтахт баҳорнинг айни гўзал дамида кўм-кўк манзарага бурканган ва бир-биридан чиройли баҳор гуллари билан безатилган тенгсиз гўзалликда эди.

Нью-Йоркдан пойтахтгача 4-5 соатлик йўл бўлса-да, саёҳатчиларнинг айтишларича, йўлдаги ўйин кулгу ва бир-биридан қизиқарли дастурлар туфайли “бир-зумда” етиб боргандек туюлди. Сафаримиз давомида жамиятнинг энг фаол аъзоларидан бири, тиниб тинчимаган, ғайратли Фароғат Зокирова турли хил ўйинлар ва маданий дастурлар билан барчанинг вақти чоғ ўтишига улкан ҳисса қўшди.

Фароғат опа “Ўтмишга назар” номли дастурларида эски ўзбек миллий киноларимиздан олинган қўшиқлардан парча хиргойи қилиб, саёҳатчилардан қўшиқ қайси кинодан олинганлигини сўрадилар. Қизиғи шундаги, автобусда ўтирганларнинг деярли ҳаммалари қўшиқни биргаликда куйлаб кетишди. Ундан кейин эса ўзбек мақоллари ва топишмоқлари бўйича беллашувлар ўтказилди. Жамият раҳбари Фарҳод Султон саёҳатчиларга АҚШ ҳукумат тизими ҳамда конгресс ҳақида қисқача маълумот бериб ўтдилар. Меҳмонлар билан яна умуман АҚШ ва пойтахт ҳақида викторина ўйини ўтказилди.

Кунни биринчи бўлиб Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига ташрифдан бошладик. Саёҳатчиларнинг кўпчилиги элхчихонага биринчи маротаба ташриф буюраётганликлари инобатга олиниб элчи ўринбосари бизни бутун элчихона хоналари билан таништириб чиқдилар. Кўплаб миллий кийимлар, дўппилар, асбоблар ва ҳаттоки ўзбекона безатилган дастурхон қўйилган хонага кириб барча ҳайратга қолди. Хона, қисқа қилиб айтганда, кичик ўзбек миллий музейининг ўзгинаси десак муболаға бўлмайди. Элчи жанобларининг таъкидлашича, ушбу элчихона биносига қадам қўйишингиз билан сиз Ўзбекистон ҳудудида ҳисобланар экансиз. Бино ичида ҳеч қандай АҚШ қонун-қоидалари кучга эга эмас экан.

Элчихонада чой, сомса ва бошқа бир неча хил ўзбек овқатлар билан меҳмон қилинганимиздан жуда мамнун бўлдик. Шу билан биргаликда, жаноб элчи алоҳида вақт ажратиб, ташриф буюрган ватандошлар билан суҳбат ўзказдилар. Ватандошларимиз ҳам кўпгина саволларига жавоб топиб яна бир-икки таклифларини ҳам эслатиб ўтишди.

Элчихонадан кейин тўғри АҚШ Конгресс биноси, Капитолийга йўл олдик. Бино тарихи, тузилиши ва у ҳақидаги бошқа қизиқарли хабарлар билан бино ходимлари таништириб ўтишди. Бир неча дақиқалик Конгресс тўғрисидаги қисқа ҳужжатли фильм барча учун жуда қизиқ ва фойдали маълумот бўлди.

Капитолийдан кейин эса “Америка овози” биносига йўл олдик. Бизни барчамизга таниш бўлган латофатли Навбаҳор Имамова ажойиб тарзда қарши олдилар. Навбаҳор опа барчамизни Америка Овози биноси билан таништириб ўтиб, АҚШда ўзбек оммавий ахборот воситасининг қанчалик муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар. Кейин эса барчамиз йиғилиш хонасида жамланиб Навбаҳор опа ва у кишининг ҳамкасблари билан қисқа суҳбат ўтказдик. Навбаҳор Имамованинг таъкидлашича, ахборот дастурлари қанчалик сифатли ва қанчалик соф миллий тилда етказилса, шунчалик катта кучга эга бўлади.

Охирги манзилимиз Оқ уйга ташриф бўлди. Оппоқ уйнинг қаршисида барчамиз эсдалик учун суратларга тушиб автобусимиз томон йўл олдик. 4 соатлик йўл босиб Бруклин шаҳрига қайтдик. Қайтишда ватандошлар ўз таасуротларини улашишди ва уларга саёҳат қанчалик ёққани ва келасида шунга ўхшаш саёҳатлардан кўпроқ уюштирилишини сўраб қолишди. Бутун саёҳат давомида биз билан бирга бўлган америкалик журналист, жаноб Марк Жейкобсон ҳам у ўзбек халқини жуда ҳурмат қилишини ҳамда бу саёҳатга айнан улар ҳақида кўпроқ маълумот тўплашни хоҳлаганини айтиб ўтди.

“Ватандош” жамияти ёзнинг охирларида Ниагара шаршарасига икки кунлик саёҳат режаси устида ишлашишяпти. Шу ҳафтанинг охирида эса “Америкада уй сотиб олиш” тўғрисида мутахассислар томонидан олиб бориладиган семинар бўлиб ўтади.

Шу ойнинг охирида эса АҚШдаги энг машҳур газеталардан бири “New York Times” биносига саёҳат қиламиз. Қолган барча тадбирлар учун интернет саҳифамиз ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни кузатиб боринг. Ҳар қандай саволлар ёки таклифлар билан бизга мурожаат этинг.

“Vatandosh” учун махсус Нилуфар САЛИМОВА