Christopher Gregory for The New York Times

Яқинда машҳур The New York Times газетасида Бруклиндаги ўзбеклар жамияти, уларнинг ҳаёти ҳақида катта таҳлилий материал чоп этилди. Қуйида ушбу материални ҳавола этамиз.

Бруклиндаги ўзбек жамиятини тушуниш учун улар билан ўтириб, чойхўрлик қилиш керак. Марҳамат, чой ичинг. Улар меҳмондўстлигидан фахрланишади, улар берган чойни рад қилиш ҳурматсизлик ҳисобланади.

Улар билан суҳбатлашганда, кўпчилик биринчи бўлиб таъкидлаган нарса шу бўлдики, улар жуда ҳам меҳнаткаш, ўзбеклар тинчликсевар халқ ҳамда катталарга ҳурмат билан қарашади. Буни ҳамма тасдиқлайди.

Улар, шунингдек, яқинда бир гуруҳ ўзбекларнинг терроризмда айбланишидан шокка тушганликларини, кичкинагина бўлса-да, жадал кенгайиб бораётган ўзбек диаспорасига кенг жамоатчилик эътиборини қаратганини қайд этишди. Бруклинда яқинда кўчиб келган уч нафар ўзбекистонлик ва уларнинг Қозоғистондан Нью-Йоркка кўчиб келган дўсти федерал ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинди. Прокуратура ходимларига кўра, улар “Исломий давлат” террор ташкилотига қўшилишга ҳамда террор актини уюштиришмоқчи бўлган. Улар ўз айбларини тан олишга йўқ.

Ажабланарлиси шундаки, ушбу ҳибсларга ўзбекларнинг муносабати турличадир. Чунки собиқ Иттифоқдан келган иммигрантлар дунёвий жамият ва диний амалларга риоя этиш борасида ҳар хил ёндашувга эга.

Одамларда махсус хизмат вакилларининг жиддий назорати ва кузатувига тушиб қолиш, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибслар ортишидан хавотир, қўрқув бор. Ораларида экстремистлар борлигидан норозилик кайфияти мавжуд. Айримлар эса ушбу ёшлар шундай имкониятни — green card берган қулайликларни ҳавога совуриб юборганига жаҳли чиқишмоқда. Чунки қўлга олинганларнинг икки нафари Америкага айнан грин-карта орқали кириб келишган. Грин-карта кўплаб ўзбекистонликлар учун Америкага кириш калитидир. Бошқалар бу ёшлар хатти-ҳаракатидан уялишаётган бўлса, айримларнинг жаҳли чиқмоқда.

“Иммигрант сифатида бизнинг кимлигимиз бу кичкина воқеалар билан белгиланмаслиги керак”, дейди “Ватандош” жамияти раҳбари Фарҳод Султон.

Жаноб Султон ушбу ҳибслардан сўнг унинг таниши қандай қилиб потенциал мижоз билан мулоқот қилишга уринганини ёдга олди: Аёл киши жаҳли чиқиб, сўнгги янгиликлардан хабари борлигини, у ўзбеклар билан алоқа қилишни истамашини таъкидлаб, бақириб беради. Ушбу аёл Ўзбекистондан экан.

Christopher Gregory for The New York Times
Christopher Gregory for The New York Times

“Одамларнинг салбий муносабати бизга ёмон таъсир кўрсатмоқда”, деди Брайтон Бичдаги ўзбекларга тегишли бўлган Kebeer пивохонаси официанти Миша. У фақатгина мазкур исмини беришини, чунки федерал ҳукумат идоралари диққат-эътиборини жалб қилишдан қўрқишини айтди. “Биз қора рўйхатда бўлишни истамаймиз”, деди у.

Жаноб Султон Бруклиндаги ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли учун “Ватандош” газетасини ташкил қилган бўлиб, у Бас Бичдаги “Лаззат” ресторанида кабоб ва палов устида бизга айтишича, ушбу масалада жуда кўп гапираётгани учун дўстлари уни огоҳлантиришиб, камида экстремистларга хайрихоҳлар орасида душман орттириб олиши мумкинлигини қайд этишган.

Ўзбекистон Марказий Осиёда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош бўлиб, мусулмонлар аҳолининг катта қисмини ташкил қилади. Совет Иттифоқидан мустақилликка эришилганидан сўнг, яъни 1991 йилдан кейин Америкага уларнинг оммавий миграцияси бошланди. Бруклин улар учун ўзига хос жаннатга айланди.

2013 йилги маълумотларга кўра, 2013 йилда АҚШда 56 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг қарийб ярми Нью-Йоркда, 12 минг нафарга яқини эса Бруклинда истиқомат қилишади. Бу 2010 йилдагига қараганда икки баравар кўпдир.

Бруклинда собиқ Иттифоқ Марказий Осиёсидан келган мигрантлар бир-бирига яқин яшашади, уларнинг кўплаб қадрият ва анъаналари умумий. Аммо ҳар бир миллат ўз қадриятларига қатъий риоя этишга ҳаракат қилади. Қуёшли кунларнинг бирида бир гуруҳ кишилар Дитмас Авенюда берилиб карта ўйнаб ўтиришган эди. “Ўзбекистонликмисизлар”, деб сўраганимда улардан бири картадан бошини кўтариб, “Озарбойжонликмиз, ўзбеклар кейинги кварталда яшашади”, деб жавоб берди. Кейин қараб: “Шошманг, чой ичиб кетинг”, деб мурожаат қилди.

Ўзбекистонлик иммигрантлар Нью-Йоркка АҚШ ҳукумати 1990 йилда жорий қилган, илгарилари мигрантлари сони кам бўлган мамлакатлардан мигрантлар оқимини тезлаштириш учун ташкил этган «Турли миллат вакиллари учун иммиграцион визалар – DV» дастури орқали ҳам келишмоқда. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, ҳар йили ушбу дастур орқали 55 минг кишига грин-карта берилади. 2014-2015 йилларда 4368 нафар ўзбекистонликка ушбу лотереяда омад кулиб боққан.

“Бу ерга келиб, яшашни истайдиган иммигрантлар сони кўп”, дейди Borough Parkдаги “Emir Palace” ўзбек ресторани менежери Шоир Акрамов. “Кимда грин-карта бўлса, у яхши ҳаёт учун яшил чироқдир”, дейди у.

“Мени Американи яхши кўраман. Мен бу ерда яшайдиган одамларни яхши кўраман. Мен бу ерда яшаб туриб, бунинг қадрига етмаганларга қаршиман. Биз қонунга қарши бўлган одамларни тушунмаймиз”, дейди ўзини Шон деб аташларини истайдиган жаноб Акрамов.

Piotr Redlinski for The New York Times
Piotr Redlinski for The New York Times

“Emir Palace” ресторани бундан бир ярим йил аввал очилган бўлиб, биринчи қаватида маросимлар зали, иккинчи қаватида эса ресторан бор. Ўтган шанба куни турли ёшдаги 200 нафарга яқин киши маросимлар залида кимнингдир фарзанди бир ёшга тўлганини нишонлашаётган эди. Тадбирда миллий куй янграётган ва рақс ижро этилаётган эди. Юқори қаватда эса европача поп мусиқа жаранглаётган, дискотека чироқлари нур сочар, ароқлар сузилар эди.

“Биз бу ерда жажжи Ўзбекистонимизни яратганмиз”, дейди жаноб Акрамов. Унинг ортидаги девор Ўзбекистон ёдгорликлари акс этган суратлар билан қопланган эди. “Биз бир-биримизга ёрдам берамиз, шунинг учун биз илдизимизни унутмаймиз”, деб қўшимча қилади у.

Аммо бу илдиз тил ва маданият нуқтаи назаридан, ҳудудлар бўйича — шимолда замонавий пойтахт Тошкент, жанубдаги тарихий пойтахт Самарқанд бўйлаб ўзаро фарқ қилади. Масалан, “Emir Palace” ресторани эгалари Самарқанддан бўлиб, тожик тилида сўзлашади. Улар кўпроқ марказий Бруклин атрофида истиқомат қилишади. Тошкентдан келганлар эса ўзбек ва рус тилида сўзлашади, Брайтон Бичда ёки унга яқинроқ ҳудудларда истиқомат қилади.

Ўзбекистонлик яҳудийлар Бухоро яҳудийлари сифати танилган. Улар ҳозирги Бухорога эмас, балки Марказий Осиёдаги Бухоро хонлигига нисбат берилади. Уларнинг ушбу ҳудудларда яшашини камида 2500 йиллик тарих билан боғлашади. Яҳудийларнинг бир қисми 1980 йиллардаги қатағон пайтида қочиб келган бўлса, бир қисми СССР тарқаб кетганидан сўнг Нью-Йоркка кўчиб келган…

Borough Parkда Дитмас авенюда жойлашган яна бир ресторан “Афсона” бўлиб, у “Emir Palace” ресторани эгаларига тегишли. У ерда ҳатто тушлик вақтида ҳам столлар хўрандалар билан банд бўлади. Улар шўрва, салатлар ҳамда миллий таом — палов буюртма беришади. Чойнинг эса кети узилмайди.

Бруклиндаги ўзбек яҳудийлар жамоаси анча биқиқ бўлса, диний қоидаларга қатъий амал қиладиган ва дунёвий мусулмонлар бир-бири билан кўп ҳам киришиб кетавермайди. Чунки диндаги белгиланган чекловлар бунга йўл қўймайди.

Фарҳод Султон ушбу жиҳатларни инобатга олиб, ўзбекларнинг бошини қовуштириш учун “Vatandosh” Ўзбек—Америка жамиятини ташкил қилди.

Жамият бошқарув аъзолигига ўзбек жамоасида обрў-эътибор қозонган кишилар жалб қилинган: тошкентлик муҳандис профессор, 21 яшар Mary Kay косметикаси сотувчиси, собиқ дзюдо бўйича Олимпия қатнашчиси, ўзбекистонлик рассом шулар жумласидандир. Жаноб Султоннинг айтишича, одамлар жамият фаолият юритиши учун кўп ҳам хайрия маблағлари ажратавермайди. Бунинг сабаблари турлича. Аввало, комунизм тизимида катта бўлганлар учун хайрия тушунчаси жуда узоқдир.

Жаноб Султон шу йилнинг январь ойида Coney Island Avenue’да мактаб ҳузурида ўзбек масжиди ва маданий маркази очилиши ташаббускорларидан бири эди. Аммо мактаб эгаси масжидни ёпишга қарор қилди. Боиси бу ерда намоз ўқувчилар сони ҳаддан ташқари кўпайиб кетди. Бу ҳудуд эса фақатгина мактаб учун мўлжалланган эди.

Ўзбек тилида диний аъмолларни бажарадиган масжиднинг етишмаслиги диний қоидаларга қатъий риоя қиладиганларнинг янада бўлинишига олиб келди. Одамлар мисрлик, покистонлик, фаластинлик ва турк имомлари томонидан юритиладиган масжидларга қатнашга мажбур бўлишмоқда.

“Инсон сифатида жамиятда нима юз берса, албатта, хавотир оласан”, дейди Бруклинда 9 йилдан бери истиқомат қиладиган 30 яшар фармацевт йигит яқинда ўтказилган ҳибслардан хулоса қилиб.

Ушбу ҳибслардан сўнг бир неча ҳафта ўтиб, ўзбекистонлик мигрантлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сўроққа тутилган. Уларнинг ушбу ҳибслар хусусидаги фикрлари, шунингдек, жорий воқеалар ҳақида сўралган.

Ўзбеклар City University of New York университети томонидан тақдим қилинадиган бепул юридик маслаҳатхоналар хизматидан фойдаланишмоқда.

Ушбу хизматдан фойдаланаётганлар айрим брукликларнинг айтишича, улар Америкага “муаммо яратиш” учун келмаган. “Биз бу ерга ўқиш, яхши ҳаёт кечириш учун келганмиз”, дейди улар.

Ҳозирги шубҳали муносабатларга қарамасдан уларга Бруклинга келишдан мамнунми?

“Ҳа, бу ерга келиш яхши”, дейди улар. Сўнг табассум билан, “албатта, парковкага жой изламасанг ”, деб қўшимча қилди.