Яқинда Барак Обама бошчилигидаги олтита араб мамлакати раҳбарларининг саммитида Саудия Арабистони подшоҳи Салмоннинг иштирок этмаслиги тўғрисидаги хабарлар АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар оғир дамларни бошдан кечираётганини кўрсатди. Хўш, Америка ва Саудия янги подшоҳининг муносабатлари қандай? Барак Обама маъмурияти Яқин Шарқдаги вазият тизгинини қўлдан чиқараяптими?

The New York Times газетасининг ёзишича, подшоҳ Салмоннинг саммитга бормасликка қарор қилиши йиллар давомида Яқин Шарқда умумий мақсадларга эга бўлган ушбу мамлакатларнинг бугунги кундаги муносабатларини яхши, деб бўлмайди. Гарчи икки мамлакат ташқи ишлар маҳкамалари подшоҳнинг Америкага ташрифини бекор қилиши камситиш эмаслигини таъкидлаган бўлса-да, икки давлат ўртасида тўртта масалада жиддий саволлар йиғилиб қолганини инкор қилиб бўлмайди.

АҚШ маъмуриятининг Эрон ядровий дастури бўйича саъй-ҳаракатлари, минтақада “Исломий давлат”нинг кучайиши, “араб баҳори” деб ном олган намойишлар ҳамда жаҳон энергетика бозоридаги ўзгаришлар АҚШ ва Саудия муносабатларига салбий таъсир ўтказди. Боз устига Америкада нефть қазиб олиш ҳажмининг оширилиши ушбу мамлакатининг расмий ар-Риёдга бўлган қайсидир маънодаги қарамлигига ҳам барҳам берди.

13 май куни Кемп-Дэвидда бўлиши кутилаётган Форс кўрфази мамлакатлари раҳбарларининг саммитида юқорида қайд этилган турли қарама-қаршиликларга барҳам бериш, вазиятдан чиқиб кетиш йўллари кўриб чиқилиши кутилаётган эди. Агар вазият шундай давом этадиган бўлса, икки давлат ҳамкорлиги келажаги жуда ҳам мураккаб бўлиб қолади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Франклик Рузвельт ва Подшоҳ Абдул Азиз ўртасида учрашувдан сўнг, яъни сўнгги 70 йил давомида икки давлат ўртасида муносабатлар доимо силлиқ бўлмаган. Айрим муаммо ва камчиликлар бўлиб турган. Иккала тараф ҳам ҳар қандай муаммони минтақдаги барқарорлик нуқтаи назаридан ҳал қиларди. Ҳозир эса тарафлар бу борада якдил эмас.

Барак Обама учун Эрон ядровий дастурини назоратга олиш минтақада низолар кенгайиб кетишининг олдини олишда айни муддао бўлса, Саудия Арабистони учун Эронга нисбатан жорий қилинган санкциялар бекор қилиниши миллиардлаб долларнинг ушбу мамлакатга кириб келишига сабаб бўлади. Бу эса, саудийларнинг фикрича, минтақада уруш ўчоқларининг кўпайишига сабаб бўлади.

Америка ва Саудия Арабистони “Ислом давлати”га қарши курашда ўзаро ҳамкорлик қилаётган бир пайтда ар-Риёд Башар Ассад ҳукуматини ағдаришни истариш учун кўпроқ интилаётган бўлса, Барак Обама маъмурияти бу масалага тўғридан-тўғри аралашишни истамаяпти. Барак Обама ҳам худди шундай минтақада демократияни кенг ёйишга интилаётган бир пайтда, Саудия Арабистони бундай хатти-ҳаракатларни ўзига таҳдид сифатида кўрмоқда.

Шимолий Дакота ва Техасда нефть ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши АҚШнинг Саудия нефтига қарамлигини бирмунча пасайтиради. Шундай бўлса-да, Украина инқирози борасида Россияга нисбатан дастакка эга бўлиш, яъни нефть нархини паст ушлаб туриш учун Вашингтонга ар-Риёд кўмаги жуда зарур.

Умуман, оммавий ахборот воситаларининг маълумотларига кўра, подшоҳ Америкага бормаслигининг сабаби Ямандаги ҳаво ҳужумлари билан боғлиқдир. Бошқа бир гуруҳ экспертларнинг фикрича, 79 яшар подшоҳ учун бундай узоқ сафарга отланиш унчалик ҳам осон иш эмас. Аммо айрим араб расмийларининг фикрича, ташрифни бекор қилишга сабаб Барак Обама Саудияга хавфсизлик борасида аниқроқ бирор нарса ваъда қилмаётганидир.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, подшоҳ Барак Обама таклифини рад қилган ягона давлат раҳбари эмас. Оман, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарлари ҳам соғлиғи туфайли бошқа амалдорларни юборишга қарор қилган.

Айримлар эса саммит иштирокчилар рўйхатини шакллантиришдаги бундай муаммолар Барак Обама маъмуриятининг ҳудудни қўлдан чиқараётганидан далолатдир. Бу фикрга қўшилиш мумкин. Чунки АҚШ йиллар давомида кўмаклашиб келган Исроил ҳукумати, хусусан, Барак Обама маъмуриятини четлаб, Вашингтонга сафар уюштирди, Конгрессга мурожаат билан чиқди. АҚШнинг минтақадаги яна бир ҳамкори — Миср президенти эса сўнгги пайтларда Россияга серқатнов бўлиб қолди. Буларнинг барчаси Барак Обама маъмурияти Яқин Шарқ сиёсатида тизгинни қўлдан чиқарганини кўрсатади, холос.