UzA/Gazeta.Uz

Тошкентда Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилди. Президент Ислом Каримов 12 май куни ушбу кўприк очилишида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, илгари бу чорраҳада иккита катта кўча кесишар, оқибатда тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўларди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда эни 26, узунлиги қарийб 500 метр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Абдулла Қодирий кўчасининг ҳар бир йўналиши тўрт полосали қилиб кенгайтирилди.

Шу пайтгача Себзор кўчасининг ўтказувчанлик имконияти соатига 3200 автомобилни ташкил этган бўлса, 6 қаторли кўприк қурилиши самарасида бу кўрсаткич 9800 тага етади. Абдулла Қодирий кўчасида ҳам энди автомобиллар қатнови 2400 тадан 5600 тага ортади. Бу нафақат ушбу чорраҳадаги тирбандликни бартараф этади, балки Нурафшон, Абай, Олмазор, Зулфияхоним, Қорасарой, Сағбон, Зарқайнар, Навоий, Сақичмон кўчаларидаги қатновга ҳам ижобий таъсир қилади.
kGxrz914314793494987_b

Эътиборлиси, шундай катта чорраҳада биронта ҳам светофор йўқ. Йўловчилар ҳам, автомобиллар ҳам бу ерда тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракатлана олади.

Ушбу янги иншоот “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компаниясига қарашли “Кўприкқурилиш” трести томонидан бунёд этилган.

UzA/Gazeta.Uz
UzA/Gazeta.Uz

– Эски шаҳар аҳолиси асрлар давомида кўримсиз уйларда яшаб келган, у ерда биронта янги қурилиш бўлмаган, – деди Ислом Каримов. – Бу масалани атрофлича ўрганиб, Эски шаҳарни қайта қуришнинг бош режасини ишлаб чиқдик. Унга кўра, янги йўллар, кўприклар, замонавий уйлар, коммуникациялар барпо этилмоқда. Энди Эски шаҳарни “Эски шаҳар” дейиш тўғри келмайди. Яқин йиллар ичида бу жой ҳамма ҳавас қиладиган замонавий масканга айланади.