Муҳаммадқул Бозоров 1919 йили Самарқанд шаҳрида “Сузангарон” маҳалласида таваллуд топган. Отаси Бозорбобо ишчи бўлган.

1932 йили ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг Самарқанд педагогика техникумига ўқишга киради. 1937 йилда эса университетнинг кимё ва биология факультетида таҳсилни давом эттирди. Ўқишдан сўнг ўқитувчи сифатида ишга юборилади, аммо кўп ўтмай фашист Германияси билан уруш бошланади. У ўз ишини жуда яхши кўрар, болалар саводхонлигини оширишни яхши кўрар, Ватанини жуда ҳам севар эди. Аммо замон қаттиқ эди. Барча ватандошлари қатори фронтга ўз фуқаролик, фарзандлик мажбуриятини бажаришга, Ватанини душмундан ҳимоя қилишга ва имкон қадар тезроқ озод қилишга отланди.

1942 йили қисқа муддатли ҳарбий тайёргарликдан сўнг Брянск шаҳридаги фронтга юборилди, у ерда партизан отряди таркибида жангга кирди. Сўнг Смоленскни озод қилишда иштирок этди, Беларусь фронтида жанг қилди.

Уруш собиқ Иттифоқда 28 миллион кишининг умрига зомин бўлди. 1945 йилнинг баҳори. Узоқ кутилган Ғалаба куни. Қувончимиз беҳад эди, фашист Германияси устидан ғалаба қозондик.

Айни пайтда урушда ҳалок бўлган ўртоқларимиз, қуролдошларимиз, вайрон бўлган шаҳару қишлоқлар, ота-онаси урушдан қайтмаган етим болалар учун қалбимиз ғам-андуҳга тўла эди.

“Ғалабамизга Ватанга, уйимизга, оиламизга бўлган муҳаббатимиз асосий сабаб бўлди”, деб эсларди Муҳаммадқул Бозоров.

img0021945 йили Муҳаммадқул Бозоров оиласи бағрига қайтди. Турмуш ўртоғи, бошланғич синф ўқитувчиси Шаҳодат она Файзуллаева билан ўзининг мураббийлик касбини давом эттирди, болаларни ўқитиш ва тарбиялашга ўзини бағишлади.

Унинг меҳнатлари Ватанимиз томонидан эътироф этилди. У “Ватан уруши” ордени, 1941—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки учун турли медаллар билан тақдирланди.

Ўз ўқитувчилик фаолиятини у Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги болалар уйида давом эттирди. Сўнг Самарқанд вилоятидаги Комсомол тумани халқ таълими бўлимини бошқарган.

1960-йилларга келиб турмуш ўртоғи Шаҳодат она Файзуллаева билан Самарқанд шаҳридаги 5-сонли мактабнинг тажрибали ўқитувчиларига айланишди.

Муҳаммадқул от ўз касбини жуда яхши кўрар, у билан ғурурланар эди. Бошқа ҳамкасбларига ўз тажрибасини ўртоқлашарди. Унинг дарсларида Латвия, Қирғизистон, Ҳиндистон, Монголия, Миср каби мамлакатлардан таълим тизими ходимлари катта қизиқиш билан иштирок этишарди. Уларнинг барчаси ўқитувчининг кимё ва биология дарсларини ўтиш маҳоратига тан беришган.

Албатта, устознинг тинимсиз меҳнатлари, изланишлари бесамар кетмади. У Ўзбекистоннинг энг яхши ўқитувчиси сифатида Москвага юборилган, Бутуниттифоқ педагоглари уюшмаси делегати бўлган. Ленин ордени билан тақдирланган. Бундан ташқари, меҳнатдаги фидойилиги ва бошқа кўплаб инсоний фазилатлари эвазига давлатимизнинг ва халқимизнинг нуфузли мукофотлари билан тақдирланган.

Муҳаммадқул ота оиласига, болалари тарбиясига ҳам катта эътибор қаратди. У Шаҳодат она билан бирга 2 ўғил ва 5 қизни вояга етказишди. Уларнинг барчаси тиббиёт, халқ таълими, савдо соҳаларида фаолият юритмоқда, халқнинг, элнинг корига ярамоқда. Отахоннинг қизлари — Моҳира, Шарқия, Шоира ота-онасининг изидан боришмоқда.

Муҳаммадқул отанинг болалари, ўғил-қизлари, келинлари, куёвлари уни яхши кўришади, илиқ фикрлар билан хотирлашади, фахрланишади. Отахоннинг 27 нафар набираси, 33 нафар чевараси бор.

Ҳозирги кунда икки нафар фарзанди Америкада истиқомат қилишади. Ўғли Жамшид Муҳаммадқулов турмуш ўртоғи билан тўрт фарзанд ҳамда 3 набирани тарбиялашмоқда. Қизлари Шарқияхон эса ўз турмуш ўртоғи билан 5 фарзанд, бир набирани камолга етказишяпти.

Энг муҳими, Муҳаммадқул отанинг фарзандлари, набиралари бугун унинг изидан бориб, елкаларидаги улкан юкни, отасига, бувасига муносиб бўлишга интилишмоқда. Бинобарин, уларнинг хотираси барҳаёт, қолдирган илм нурлари йўлчи юлдуздир. Сиз билан ғурурланамиз, фахрланамиз дейди фарзандлари.