Ўзбекистон нефть ва газ соҳасини модернизация қилишга қарийб 19 миллиард долларлик инвестиция йўналтиради

Ўзбекистон нефть-газ соҳасида жами қиймати 18,65 миллиард долларлик бўлган 54 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” компанияси раиси Шокир Файзуллаев Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2015” XIX халқаро кўргазмаси ва “Энергетика – Power Uzbekistan – 2015” X халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси матбуот анжуманида маълум қилган.

Компания раҳбарининг айтишича, умумий қиймати 18,65 миллиард долларлик бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу лойиҳалар нефть ва газ соҳасини диверсификация ва модернизация қилишга қаратилгандир.

015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурида 54 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Дастурда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан умумий қиймати 7 миллиард АҚШ долларидан зиёд 39 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қувватларини модернизация ва реконструкция қилиш, “Муборак газни қайта ишлаш заводи” унитар шўъба корхонасида газ-кимё мажмуасини барпо этиш, Устюрт газ-кимё мажмуаси хомашё базасида углеводородлар пиролизи ишлаб чиқарадиган янги заводни қуриш, Ўзбекистон – Хитой газ қувурининг тўртинчи тармоғини барпо этиш, “Ўзбеккимёмаш” заводининг йирик ва оғир нефть-газ-кимё ускуналарини ишлаб чиқарадиган қувватларини кенгайтириш (2-босқич), пластик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, геология-қидирув ишлари учун юқори технологияли ускуналар харид қилиш каби йирик лойиҳалар шулар жумласидандир.

Бу режаларнинг амалга оширилиши 8,55 миллиард куб газ, 71,7 минг тонна нефть, 161 минг тонна газ конденсати қазиб олиш, шунингдек, 361,2 минг тонна сиқилган газ, 742 минг тонна полиэтилин, 500 минг тонна полипропилен, 863 минг тонна бензин, 304 минг тонна керосин ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.