Пойтахтимизда шу мавзуга бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, ЕХҲТ ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, К.Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси раиси А.Саидов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Ғ.Абдукаримов, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари тизимида уларнинг ролини кучайтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа ҳужжатларни ўз ичига олган кенг кўламли ҳуқуқий база оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш асосини ташкил қилади. Бунинг самарасида миллий масс-медиа Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, демократик янгиланишлар кўзгуси, одамлар фикри ва дунёқарашини ўзгартиришга ёрдам берадиган қудратли кучга айланмоқда.

– Президент Ислом Каримов оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш ҳақида бир неча бор таъкидлаган, – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Стефан Приснер. – Ахборот ва сўз эркинлиги демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим омилидир. Ушбу икки принципнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлангани, қатор қонун ва қоидаларда ўз ифодасини топгани эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда бу борада ишлаб чиқилаётган янги қонун лойиҳалари ахборот бозори иштирокчилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ахборот соҳасини янада ислоҳ этиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашнинг мантиқий давомига айланди. Мазкур ҳужжатда амалдаги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тааллуқли янги қонунларни қабул қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.

– Оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш масаласи уларнинг янада ривожланишида муҳим ўрин тутади, – деди Саксония федерал ери парламенти раиси Матиас Ресслер (Германия). – Ўзбекистонда бу масала қонунчилик даражасида ҳал этилаётгани диққатга сазовор. Иштирокчилар халқаро конференция доирасида танишиб чиққан «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида муҳим жиҳат, яъни қўшимча молиялаштириш масаласи эътиборга олинган. Зеро, мувозанатли молиялаштириш манбалари оммавий ахборот воситаларига реклама берувчилардан мустақил бўлиш ва ўз фаолиятида таянадиган мустаҳкам молиявий асосни яратиш имконини беради.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу қонунчилик ҳужжати фуқароларнинг давлат ҳокимияти органлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, улар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Конференция иштирокчилари оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш омили сифатида улар фаолиятининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш механизмлари, оммавий ахборот воситаларининг молиявий барқарорлигини таъминлашда миллий ва халқаро амалиёт тажрибаси, иқтисодий жиҳатдан мустақил оммавий ахборот воситаларини шакллантириш борасидаги мавжуд муаммоларни муҳокама этди.

Президентимизнинг 2011 йил 30 декабрдаги «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги қарори оммавий ахборот воситалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур қарорга мувофиқ, оммавий ахборот воситалари ва нашриётларга қатор имтиёз ҳамда преференциялар берилди.

Миллий ва хорижий экспертлар ижтимоий йўналтирилган оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш муҳимлигига ҳам эътибор қаратди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётида оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти инобатга олинмоқда, журналистлар ижоди ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, рағбатлантирилаётир.

Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон миллий ахборот-медиа маконининг бугунги аҳволи ва ривожланиши таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг муваффақиятли фаолият юритиши учун кенг ҳуқуқий майдон яратилган бўлиб, у халқаро тажриба ва замонавий воқеликлар ҳисобга олинган ҳолда янада такомиллаштирилаётир. Халқаро стандартлар ҳамда демократик давлатларнинг илғор тажрибасига таянган ҳолда фаолият юритаётган мамлакатимиз босма нашрлари ва электрон оммавий ахборот воситалари халқимиз миллий қадриятларини етарлича акс эттирмоқда.

Тадбир доирасида иштирокчилар телерадиоэшиттиришлар тизими ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, медиа соҳасининг қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича хорижий тажриба билан ҳам танишди.

 

SHARE