Халқаро валюта жамғармасининг жаноб Ражи Альмарзоки раҳбарлигидаги миссияси 2015 йилнинг 29 апрель – 12 май кунлари Тошкентда бўлди ва миссия иши якунлари тўғрисида қуйидагича баёнот берди.

“Ўзбекистон иқтисодиёти Европа ва Россиядаги иқтисодий фаолликнинг сустлиги, шунингдек, нефть нархи пастлиги билан ифодаланадиган мураккаб ташқи шароитда ҳам ўз барқарорлигини намоён этмоқда. 2014 йилда иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни ташкил этди ва бундай юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолди. 2015 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот 7,5 фоиз ўсди. Давлат томонидан катта ҳажмда инвестициялар сарфланаётгани ва газ экспортини Россиядан Хитойга қайта йўналтириш стратегияси ушбу босқичда мамлакат иқтисодиётини минтақанинг бошқа давлатларида рўй бераётган секинлашишдан ҳимоя қилди. Ташқи иқтисодий мавқе мустаҳкамлигича қолмоқда, аммо жорий операциялар ҳисоб-китоби бўйича профицит ҳажми камайган”, дейилади ҳисоботда.

ХВЖ ходимлари томонидан истеъмол нархлари индексини ҳисоблашнинг муқобил услуби асосида ҳисоблаб чиқилган йиллик инфляция даражаси 2015 йилнинг март ойини ҳам қўшганда бир рақамли кўрсаткичгача пасайди ва тахминан 9 фоизни ташкил этди.

Солиқ-бюджет сиёсати ҳар доимгидек пухта амалга оширилмоқда. 2014 йилда бирлаштирилган бюджетда кичик профицит юзага келгандан сўнг, 2015 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича бюджет ижроси мувозанати таъминланди. Бу бюджетда кўзда тутилганидан кам маблағ сарфлангани билан боғлиқдир. Инвестициялар ҳамон давлат харажатларининг муҳим таркибий қисми бўлиб қолмоқда.

Банк сектори барқарорлик, изчил капиталлашув ва юқори ликвидлик даражасини сақлаб қолмоқда. 2014 йилда гаров таъминотини рўйхатга олишнинг марказлаштирилган тизими жорий этилгани молиявий ресурслардан фойдаланишни кенгайтириш имконини берди.

Келгуси истиқбол ҳақида сўз борганда, шуни айтиш керакки, 2015 йилда иқтисодий ўсиш, кутилганидек юқори бўлади. Бунга яқинда қабул қилинган саноат ва инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш имконини берадиган хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув дастурлари самарасида эришилади. Шундай бўлса-да, қисқа муддат ичида Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари ҳисобланган мамлакатларда ўсиш суръатларининг кутилганидан ҳам сезиларли даражада секинлашиши билан боғлиқ хавфларнинг кучайиш эҳтимоли кузатилмоқда. Валюта захираларининг етарлилиги, бюджет соҳасининг мустаҳкамлиги ва давлат улуши даражасининг пастлигини ўз ичига олган салмоқли буфер захираси ҳисобидан юқорида келтирилган омиллар таъсирининг олди олинади. Тегишли иқтисодий сиёсат чоралари, жумладан, солиқ-бюджет сиёсатининг ўртача юмшатилиши, қатъий пул-кредит сиёсати ва мослашувчан алмашув курси қисқа муддатли даврда иқтисодиётда салбий таъсирларни юмшатиш имконини беради.

Аҳоли барча қатламлари манфаатларига хизмат қиладиган барқарор ва мувозанатли ўсиш суръатлари хусусий секторни изчил ривожлантиришни рағбатлантиришга асосланган. Бунда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, корпоратив бошқарув ва ошкоралик принципларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Расмий идоралар хусусий секторни изчил ривожлантиришнинг аҳамиятини яхши тушунади. Расмий идораларнинг таъкидлашича, валютани назорат қилиш чораларини юмшатиш, асосий инфратузилма ва хомашё ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш, хусусий мулк ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, лицензия ва рухсат беришни расмийлаштириш билан боғлиқ тартиб-таомиллар, муддат ва харажатларни камайтириш, шунингдек, хусусий экспортчиларни қўллаб-қувватлаш орқали хусусий секторни ривожлантиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар кўрилади. Бу борадаги қатъий чоралар хусусий секторни ривожлантиришга янги туртки беради.

Шу муносабат билан миссия расмий идораларнинг энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва тартибга солинадиган нархларни босқичма-босқич ошириш орқали энергия ресурслари учун мавҳум субсидияларни қисқартириш бўйича стратегиясини, шунингдек, давлат мулки бўлган 1500 дан зиёд объектни корпоратив бошқаришни мустаҳкамлаш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорини ижобий баҳолайди.

Расмий идораларнинг солиқ-бюджет статистикасини эълон қилиш орқали маълумотлар ошкоралигини таъминлаш тўғрисидаги қарори ҳам эътиборга моликдир. Муҳим иқтисодий ва ижтимоий ахборотдан фойдаланиш ва унинг сифатини янада ошириш амалга оширилаётган сиёсатни ҳақиқий маълумотларни қўллаш ёрдамида мустаҳкамлаш имконини беради. Шу муносабат билан миссия расмий идораларнинг миллий ҳисоб-рақамлар статистикаси масаласи бўйича техник ёрдамни жалб этиш борасидаги режасини маъқуллайди.

Миссия Ўзбекистоннинг расмий идоралари ва бўлиб ўтган учрашувларнинг бошқа иштирокчиларига самимий меҳмондўстлик ҳамда самарали мулоқот учун миннатдорлик изҳор этади.