Айрим оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган икки қўшни мамлакат — Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида авиақатновларни тиклаш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолди, деган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Тожикистон оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.

Шу йилнинг июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Тожикистоннинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси мажлисида кўриб чиқиладиган асосий масалалардан бири айнан икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйиш ҳисобланади.

Хабарларда айтилишича, бугунги кунда тарафлар ўртасида ушбу масала юзасидан ҳеч қандай келишмовчилик йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг ўтган йил Душанбедаги учрашувида тарафлар мавжуд муаммолар учта тоифага ажратилган эди. Унга биноан, биринчи галда зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган ҳамда жиддий ҳаракатларни талаб қилмайдиган муаммолар, иккинчи галда ўрта узоқ муддатга мўлжалланган муаммолар, учинчи ўринда кўп вақт ва катта саъй-ҳаракатлар талаб қилинадиган муаммолар кетма-кетлиги белгиланган.

Унга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун виза режимини юмшатиш (икки давлат фуқаролари учун камида 30 кунлик визасиз сафар қилиш имкониятини яратиб бериш) ҳамда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон учрашувида биринчи галда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларнинг биринчи доирасига киритилган.

Манбаларнинг қайд этишича, иттифоқ даврида икки мамлакат пойтахтлари ўртасида суткасига 5-6 марта авиақатнов амалга оширилган. Қолаверса, бошқа шаҳарлар ўртасида ҳам шундай авиақатновлар мавжуд бўлган.