АҚШнинг Arton Capital консалтинг фирмаси Халқаро ҳаво транспорти агентлиги маълумотлари асосида дунёдаги энг кучли паспортлар рўйхатини ишлаб чиқди. Бунда паспорт билан қанча давлатга визасиз чиқиш имконияти борлиги ҳисобга олинди.

Унга кўра, Ўзбекистон рейтингда 64-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортига эга кишилар жаҳоннинг 53 мамлакатига визасиз чиқа олади.

МДҲ давлатлари орасида Россия 35, Қозоғистон 53, Қирғизистон 63, Туркманистон эса 70-ўринни эгаллади.

Рейтингда биринчи ўринни АҚШ ва Буюк Британия паспортлари эгаллади. Ушбу давлатларнинг фуқаролари жаҳоннинг 147 давлатига визасиз чиқиши мумкин. Иккинчи ўринни Франция, Жанубий Корея ва Германия бўлиб олди. Улар 145 давлат билан визасиз режимга эга.