Шу йилнинг 26 майидан 15 июнига қадар Ўзбекистоннинг умумтаълим мактабларида якуний имтиҳонлар ўтказилади. “Правда Востока” газетаси хабар беришича, бунда 4-8-синф ўқувчилари назорат имтиҳонларини топширса, 9-синф ўқувчилари якуний давлат аттестациясидан ўтказилади.

Айрим фанлар чуқурлаштирилган ҳолда ўргатиладиган мактабларда имтиҳонлар 3 кун кўпроқ давом этади.

9-синф битирувчилари она тили ва адабиётидан ижодий баён ёзишади, ўзбек тили ва чет тилидан, тарих ва физикадан оғзаки имтиҳон топширади, математика ва кимёдан эса ёзма имтиҳон қилинади. Шунингдек, жисмоний тарбиядан имтиҳонлар топшириш мажбурий ҳисобланади.

Ихтисослашган мактаб ва интернатларда фақат она тили ва адабиёти, математика бўйича имтиҳон топширилади.

Ўз навбатида, 4-8-синф ўқувчилари иккита назорат имтиҳони топширади. Биринчи имтиҳонни 4-5-синф ўқувчилари математикадан, 6-8-синфлар чет тилидан, 7-синфлар эса она тилидан топширади. Иккинчи имтиҳон ўқувчиларнинг ўзлари танлаган фандан олинади.

Умумтаълим мактабларида ўқув йили 25 май куни тугайди.

SHARE