Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўз фаолиятини якунлади

2015 йилнинг 15 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон Ислом Республикасининнг Фавқулодда ва мухтор элчиси Моҳаммад Садиқ Даудзайни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар тарқатди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон — Афғонистон кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, бўлажак икки томонлама сиёсий алоқалар ҳамда турли даражадаги бошқа учрашувлар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистондаги ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Афғонистон Элчисининг сермаҳсул фаолияти қайд этилди ҳамда давлатлараро алоқаларни кенгайтиришга қўшган ҳиссасига ижобий баҳо берилди.

Ўз навбатида, Моҳаммад Садиқ Даудзай Ўзбекистондаги миссиясини муваффақиятли бажариш учун яратилган қулай шарт-шароитлар учун ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг бошида Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукумати тижорат, энергетика, транспорт ва транзит соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида баённомани имзолади.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев ҳамда Афғонистон президентининг МДҲ масалалари бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Қорғар томонидан имзоланган баённомага биноан, Ўзбекистон Республикаси Афғонистон билан Мозори Шариф — Ҳирот темир йўлини тадқиқ қилишга ваъда берган.

Бундан ташқари, томонлар яқин истиқболда Ўзбекистон ва Афғонистонда саноат ярмаркаларини ўтказишга келишиб олган. Шунингдек, Кобулда икки мамлакат савдо уйини очишга оид қарор қабул қилинган.

Афғонистон расмийларига кўра, икки мамлакат ҳукуматлари Тошкент — Кобул, Кобул — Тошкент йўналишида ҳаво қатновларини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришган.