Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳужжат тадбиркорлик фаолиятини кескин енгиллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Фармонга мувофиқ хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича асосан жорий йилда амалга ошириладиган ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс дастур тасдиқланди.

Чора-тадбирлар дастурида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) илк маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа молиявий жарима турларини тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаслиги ва шахс жавобгарликдан озод этилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодексига хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларига нисбатан улар томонидан сохта банкротлик ва банкротликни яшириш орқали етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмаслигини назарда тутувчи қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

Савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш назарда тутилмоқда. Жуда катта миқдорда зарар етказилишига олиб келган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

Тадбиркорлик тузилмалари ва бошқа нодавлат ташкилотларида маъмурий-тақсимот ва маъмурий-хўжалик ваколатларини амалга оширувчи мансабдор шахслар жавобгарлигини юмшатиш чоралари белгиланди. Жумладан, Жиноят кодексига ноқонуний равишда моддий мукофот олганлик (тижорат пораси), ваколатларини суиистеъмол қилганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун нисбатан юмшоқ жазо чораларини назарда тутувчи алоҳида моддалар киритилади. Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар натижасида етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган ҳолда озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо қўлланилмайди.

Чора-тадбирлар дастурида хусусий тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини кучайтириш назарда тутилган. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлиги муносабати билан уларнинг мулкини мусодара қилиш, тўловчи томонидан эътироз бўлганда, қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш фақат суд қарори билан амалга оширилади. Хўжалик судларига назорат қилувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилди.

Қўзғатилган жиноят ишлари доирасида назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг текширувлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жалб этилган адвокатлар иштирокида амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда (хўжалик юритувчи субъект ёзма равишда мазкур ҳуқуқни рад этган ҳоллар бундан мустасно).

SHARE