Ўзбекистонда “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон қабул қилиниб, тегишли дастур тасдиқланди.

Дастурда барча турдаги рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, турли давлат хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган. Масалан, эндиликда қонунчиликда тадбиркорлик субъектлари учун кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланишда турли ёзма аризалар билан мурожаат қилишнинг ҳожати йўқ.

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали воситасида ўтказиладиган электрон савдолар орқали тадбиркорлик субъектларидан бирламчи эҳтиёждаги товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат харидларини амалга ошириш тартиби соддалаштирилди.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тизими орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилади.

Давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “бир дарча” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “бир дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилади.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан зарур ҳужжатларни тақдим этиш асосида давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари томонидан қурилиш объектларини рўйхатга олиш ва қурилиш-монтаж ишларига рухсат беришнинг билдириш тартибини жорий этиш, ер майдонларини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш тартиб-таомиллари ва муддатларини оптималлаштириш ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига ер майдонларини тақдим этиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш назарда тутилмоқда.

SHARE