Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва расмий сайтида эълон қилинди.
Қонун лойиҳаси “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури ижроси доирасида ишлаб чиқилган. Унда кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифалари учун ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг асосий принцип ва механизмлари, шунингдек ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асослари, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган ижтимоий хизматлар кўрсатиш турлари ва шакллари, аҳолига ижтимоий хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа масъул идора ва хизматларнинг ваколатлари ва мажбуриятлари ўз аксини топган.

Ижтимоий хизматлар дейилганда оғир ҳаёт шароитларида бўлган шахс ёки оилага уларнинг турмуш сифатини янада ошириш, бошқа фуқаролар билан бир қаторда жамият ҳаётида иштирок этишига шароит яратиш ҳамда кундалик эҳтиёжларини мустақил равишда қондириши учун имкониятларни кенгайтириш тушунилади.

Давлат ижтимоий хизматлари бепул кўрсатилади.

Ижтимоий хизматларни ижтимоий соҳадаги давлат ташкилотлари, давлат ижтимоий таъминот идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари кўрсатиши мумкин.

Ижтимоий хизматлар маслаҳат ва ижтимоий кўмак, уйда, кундузи ва вақтинчалик марказларда ва интернат муассасаларида ғамхўрлик кўрсатиш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади. Қонунчилик палатаси уни уч ўқишда қабул қилади ва Сенат маъқуллаб, Президент томонидан имзоланади ҳамда сўнг матбуотда эълон қилингач, кучга киради.