2015 йилнинг 18 май куни Брюссель шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Европа Комиссияси вице-президенти, ЕИнинг энергетика иттифоқи масалалари бўйича комиссари Марош Шевчович билан учрашди. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Учашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил январь ойида Брюссель шаҳрига ташрифи доирасида имзоланган энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат ушбу йўналишдаги ҳамкорликка янги туртки бўлди. Ҳозирги кунда қатор етакчи Европа компаниялари мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳамда энергетика тизими объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича тендер жараёнларида иштирок этмоқда.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда 2015—2019-йилларда энергетика соҳасини таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича қиймати 38 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган 870 та йирик лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ҳақда Европа Иттифоқи томонига маълумот берилди.

Учрашувда баъзи минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.