Мактаб битирувчилари томонидан “сўнгги қўнғироқ” базми ўтказилиши тақиқланди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан мактаб битирувчиларининг сўнгги қўнғироқ байрамини турли ресторан ва кафеларда ўтказиш тақиқланди.

Вазирлик вакилининг Darakchi.uz сайтига маълум қилишича, таълим муассасаларида “Хайр мактаб – салом коллеж!” тадбири ўтказилади.

Ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан пул маблағларини йиғиш, мактаб раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга турли қимматбаҳо совғалар тақдим қилиш, турли тантаналарни, “битирув кечалари”ни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.к.да) ўтказиш қатъиян тақиқланади.

25 май куни бўлиб ўтадиган “Хайр мактаб – салом коллеж” тадбирларини “Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз” шиори остида ўтказиш белгиланди.

Тадбирлар шу йилнинг 25 май куни эрталабки салқинда, дарснинг биринчи соатида ўтказилади.

Бу тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бахш этиб, келажакка ишонч, устозларга ҳурмат-эҳтиром, Ватанга муҳаббат, миллий ғояларга садоқат ва ватанпарварлик каби туйғуларни шакллантиради ва албатта шу куни барча ўқувчилар мактаб формасида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Вазирлик вакиллари таълим муассасасида тақиқланган тадбирларнинг ўтишига йўл қўйилса, Халқ таълими бошқарув идораларининг қисқа рақамли 1006 ишонч телефонига мурожаат қилишини сўрашган.

Эслатиб ўтамиз, жорий 2014-2015-ўқув йилида мактабларнинг 9-синфини 483 мингдан ортиқ ўқувчи тамомлайди, бу ўтган йилга нисбатан 18234 нафарга кам.

SHARE