Ўзбекистон енгил саноати ўз маҳсулотлари билан янги бозорларга фаол кириб бормоқда. Бугунги кунда ўзбек текстиль маҳсулотлари асосан МДҲга, аввало, Россияга, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Жанубий Кореяга экспорт қилинмоқда.

Podrobno.uz сайтининг ёзишича, араб мамлакатлари ҳам енгил саноат маҳсулотлари учун катта бозор имкониятларига эга. Охирги пайтда миллий енгил саноат корхоналари янги бозорларга, шу жумладан, Жанубий Америка, Канада ва АҚШга ўз маҳсулотлари билан кириб бормоқда.

Хабарда айтилишича, 2015 йилда соҳада 231 миллион долларлик 31 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Умуман, “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси етакчи хорижлик шериклар билан бирга 58 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Яна 21 та лойиҳа бўйича инвестиция жалб қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси соҳадаги 290 та корхонанини ўзида бирлаштирган бўлиб, уларга дунёнинг 156 мамлакатидан инвесторлар маблағлари жалб қилинган.