Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилади. 1997 йилдан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур санъат анжумани дунё халқларининг миллий мусиқа ва қўшиқчилиги анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш ҳамда уларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этишга қаратилган.

Биринчи “Шарқ тароналари”да 31 мамлакат вакиллари Регистон майдонидаги саҳнада ўз миллий санъатини намойиш этган бўлса, 2013 йилдаги тўққизинчи фестивалда 56 давлатдан мусиқа ва санъат намояндалари қатнашди. Умуман, шу пайтга қадар дунёнинг тўқсонга яқин давлатидан хонанда ва созандалар, бадиий жамоа ва ансамбллар, мусиқашунос олимлар фестиваль иштирокчиси бўлди.

ЎзАнинг хабар беришича, Самарқандда “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик бошланди. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи таркиби ва тадбирлар режаси тасдиқланди.

Самарқанд вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи, вилоят ишчи гуруҳи аъзоси Камолиддин Мизомовнинг айтишича, бу йил ўнинчи бор ташкил этилаётган фестивални ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан республика ташкилий қўмитаси ҳамда вилоят ишчи гуруҳи томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Шаҳарни фестиваль руҳига мос безатиш, меҳмонхоналарни тайёрлаш, Регистон майдонида асосий саҳна ва томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатиш, “Сўғдиёна”, “Ёшлик” истироҳат боғлари, “Мўъжиза” амфитеатрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига киришилди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросими оммавий саҳналарида иштирок этадиган қатнашчилар, фольклор жамоалар сараланмоқда. Фестиваль қатнашчилари жойлашадиган меҳмонхоналар, Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида ҳамда музейларда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали тарихига оид фотосуратлар, миллий мусиқа асбоблари, тарихий либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Фестиваль қатнашчиларининг Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларидаги истироҳат боғлари, мусиқа ва санъат мактабларида ўз дастурларини намойиш этиши, ёш ижодкорлар иштирокида маҳорат машғулотлари ўтиши учун зарур шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда.

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларини кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга юқори сифатли замонавий сервис хизмати кўрсатиш, гид-экскурсовод ва таржимонлар тайёрлаш, вилоят бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш каби муҳим масалалар юзасидан аниқ вазифалар ва уларни амалга оширувчи масъуллар белгиланган. Айни пайтда мутасадди идоралар томонидан дастлабки юмушлар бошлаб юборилди.