Ўзбекистонда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақида Молия вазирлигининг расмий сайти хабар тарқатди.

“Ҳозирги вақтда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда Давлат молиясини ислоҳ қилиш” лойиҳаси кўмагида идоралараро ишчи гуруҳи билан биргаликда, мазкур қонун лойиҳасини экспертизадан ўтказиш учун жалб қилинган ҳалқаро экспертидан олинган эътироз ва таклифларни инобатга олган ҳолда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, — дейилади хабарда.

Қонун лойиҳасининг мақсади бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан контрактларни шакллантиришда, жойлаштиришда ва бажаришда тизимли ёндашишни амалга ошириш ҳисобига давлат эҳтиёжларини сифатини таъминлашни янада ошириш, давлат харидлари босқичларини шаффофлигини таъминлаш, коррупцион ҳаракатларнинг ва давлат эҳтиёжларини таъминлаш соҳасида бошқа суиистеъмол қилинишининг олдини олишдир.

Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда тақдим этилган эътироз ва таклифларни ҳамда қўшимчаларни умумлаштириш, мазкур қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш мақсадида, қоида тариқасида ҳар ҳафта давомида зарурат туғилган ҳолларда, йиғилишлар ўтказиб борилмоқда.

SHARE