Ислом Каримов 27-29 май кунлари Корея Республикасига ташриф буюради. Ташриф чоғида мудофаа, биргаликдаги инфратузилма лойиҳалари, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг бошқа масалалари муҳокама қилинади. Бу ҳақда Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хе маъмурияти хабар берди.

Кореялик сиёсатшуносларнинг айтишича, Ислом Каримовнинг шу йилнинг март ойида бўлиб ўтган сайловдаги ғалабасидан сўнг хорижий мамлакатларга илк расмий ташрифи бўлиб, бу Тошкентнинг Сеул билан алоқаларга жиддий аҳамият қаратишидан далолатдир.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов давлат раҳбари сифатида ушбу мамлакатга шу пайтга қадар 7 марта расмий ташриф билан борган. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг йирик савдот шерикларидан бири бўлиб, ўтган йили икки мамлакатнинг ўзаро савдо айланмаси 1,9 миллиард долларни ташкил қилди.