Фото: Баходир Мамажанов (Марказий банк)

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки рус оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга раддия берди.

Марказий банк Россия Федерациясининг бир қатор оммавий ахборот воситаларида, хусусан, “Россия-24” телеканалида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жисмоний ва юридик шахсларга валюта амалиётларини амалга оширишни тўхтатгани тўғрисидаги хабарларни рад қилиб, бу ўйлаб топилган ва ғирт иғводан бошқа нарса эмаслигини, валюта амалиётларига нисбатан ҳеч қандай чеклов жорий қилинмаганини маълум қилди.

Шу йилнинг апрель ва май ойларида Ўзбекистонда бўлган Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий мавқеи мустаҳкамлигини, халқаро амалиётлар жорий ҳисоби профицит билан бажарилаётганини, давлат қарзлари ҳажми паст даражада эканлиги ва банк секторининг барқарорлиги Ўзбекистонда валюта чекловларини жорий қилиш учун асос йўқлигини кўрсатади, дейилади Марказий банк хабарида.

Унга кўра, ҳозирги кунда ўзбек сўмининг расмий курси бир АҚШ доллари учун, “Россия-24” телеканали иддао қилганидек 5000 сўм эмас, балки 2527 сўмдир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ушбу баёнот Россиянинг тегишли оммавий ахборот воситаларида расмий раддий сифатида эълон қилинишини талаб қилган.