Ҳозирда мамлакатимизда 7 миллион 560 мингга яқин оила мавжуд. Ҳар йили 250-300 минг янги оила барпо бўлмоқда. Бу ҳақда “Оила даврасида” газетаси хабар тарқатди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг айтишича, республика миқёсида қайд этилган никоҳлар сони йилдан-йилга ортиб боряпти, лекин оилавий ажримлар сони ҳам кам эмас. Бундан биринчи навбатда аёллар, ёшлар ва болалар азият чекади, жамиятнинг маънавий ривожига путур етади.

“Оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганилганда кўпроқ ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлиги, йигитларимизнинг оилани бошқариш, рўзғорни моддий таъминлаш, фарзандларини тарбиялаш масъулиятини ҳис этмасликлари, қизларимиз эса уй бекаси, оналик вазифаларини тушунмасликлари сабаб бўлаётгани маълум бўлди”, деди Элмира Боситхонова.

Аксарият ажрашганлар 20-25 ёш атрофидаги йигит-қизлар. Энг ачинарлиси, улар бир-бир ярим йил турмуш қуришган, холос. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатларининг 18 фоизи оиладаги келишмовчиликлар, 22 фоизи ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворларнинг тўғри келмаслиги, қолганлари эса фарзандсизлик, эр ёки хотиннинг касаллиги, йигитларнинг ичкиликбозликка берилиб кетиши оқибатида келиб чиққан.

Элмира Боситхоновага кўра, олдин тўй ва маросимларни ихчам ва камчиқим тарзда ўтказиш муаммоси олдимизда кўндаланг эди. Энди эса келинчакларнинг кийиниши, муомаласи, турмуш тутуми билан боғлиқ оғриқли масалалар долзарб бўлиб турибди.

2014 йилнинг январь—июнида ФҲДЁ органларида 107,8 мингта никоҳ ва 14,4 мингта ажралиш рўйхатга олинди. Ҳар минг аҳолига нисбатан 7,1 та (2013 йилнинг шу даврида – 7,3 та) никоҳ ва битта (2013 йилнинг шу даврида – 0,7 та) ажралишлар тўғри келади.