Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА

Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида дарслар якунланди. Мамлакатдаги барча мактабларда сўнгги қўнғироқ чалиниб, ўқув йили тамомланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Файзулла Аҳмедовнинг ЎзА мухбирига айтишича, жорий ўқув йилида мамлакатдаги барча умумтаълим мактабларининг 9-синфларини 483 мингдан зиёд ўқувчи тамомлади.

Мактабларда турли байрам кечаларини нишонлаш қатъий тақиқлангани боис бу йилги маънавий-маърифий тадбирларда асосий эътибор ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш, уларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш ва ўзлари қизиққан касб-ҳунар соҳаларига йўналтиришга қаратилди.

Вазирлик вакили маълум қилишича, мактабларда бир неча бор сўровнома ўтказилиб, мактабни тамомлаётган ўқувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичини қайси ўқув даргоҳида давом эттириш истаги ўрганилди.

Унга кўра ўғил-қизларнинг 8,7 фоизи академик лицейларда, 91,3 фоизи касб-ҳунар коллежларида ўқиш ниятида эканини билдирган.