Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал-боғ музейида Александр Винер ижодига бағишланган кўргазма ташкил этилди.

ЎзАнинг хабар беришича, кўргазманинг очилишига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, санъатшунослар, мусаввирлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Тасвирий санъатимиз равнақи йўлида самарали ижод қилган Александр Винернинг ҳаёти ва фаолияти Ўзбекистон билан боғлиқдир. Моҳир рангтасвирчи, жонкуяр педагог, нафис санъатда реалистик анъаналар давомчиси бўлган А.Винер Иккинчи жаҳон урушидан кейин мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган ижодкорлардан.

Уруш иштирокчиси бўлган мусаввир жангларда оғир яраланиб, Ўзбекистонга, Самарқанд шаҳрига эвакуация қилингач, умр бўйи шу табаррук заминга, унинг сахий ва меҳридарё халқига мафтун бўлади. Тақдирини Ўзбекистон, халқимиз билан уйғун тасаввур этган мўйқалам соҳиби юртимизнинг манзаралари, меъморий обидаларини, шу табаррук заминнинг одамлари, уларнинг орзу-интилишлари, ҳаёти, меҳнати, қадриятларини ўз ижодида акс эттиради.

Агар 1950-йиллар мусаввир учун ижодий материалга танланган мавзуни пухта ўрганиш, тўплаш, ўйлаган муайян ғояларини шакллантириш даври бўлган бўлса, 1960-1970-йиллар халқнинг ҳаёти, ибратли анъана ва қадриятлари, миллий менталитети билан боғлиқ мусаввир кўнглида меҳр уйғотган ғояларни акс эттириш даври бўлди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига бориб, бўлажак асар қаҳрамонлари ҳаётини кенг ва атрофлича ўрганиб, сўнгра картиналар яратиш унинг ижодида асосий ўрин тутади. Бу рассом картиналарининг ҳаётийлиги, самимият билан йўғрилгани, томошабин меҳрини қозонишида асосий омил эди. Бугунги кунда рассом асарлари юртимиздаги кўплаб музейлар ва санъат галереяларида сақланмоқда.

Мусаввирнинг қизи Ирина Винер “Ўзбекистонга, унинг халқига, мафтункор табиатига бўлган меҳрни отамдан ўргандим. Кўргазма ташкилотчиларига чин юракдан миннатдорлик билдираман” деди тадбир очилишида.

Кўргазмада А.Винернинг Ўзбекистон давлат санъат музейи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Ангрен шаҳридаги санъат галереясида сақланаётган кўплаб картиналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. «Самарқанддаги ҳовуз», «Тераклар», «Алвон дуррали қиз», «Дугоналар», «Шахтёр», «Чўпонлар», «Уруш фахрийси портрети», «Бригадир», «Дуторчи қиз Ибодатхон» каби асарлари санъат ихлосмандларида қизиқиш уйғотмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Александр Винернинг қизи Ирина Винер асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг турмуш ўртоғи ҳисобланади.