Ўзбекистон ҳукумати Бухоро вилоятидаги Қандим нефтни қайта ишлаш заводи ташқи инфратузилмасини яхшилашга 200 миллион доллар ажратади.

Бу борада ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси 2017 йилнинг 1 июлига қадар ташқи электр таъминоти объектларини, шу жумладан, электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш ва кенгайтириш ишларини бажариши керак.

“Ўзбекистон темир йўллари” эса 2015 йилнинг октябрига қадар Қандим заводига келадиган темир йўл инфратузилмасини яратиши талаб этилади.

Қандим заводини қуриш бўйича “LUKOIL” ва Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering компанияси томонидан 2,66 миллиард долларлик ишлар амалга оширилмоқда. Заводнинг биринчи навбати 2018 йилда ишга тушади.

Шу йилнинг 13 февраль куни LUKOIL компанияси ҳамда Hyundai Engineering (Жанубий Корея) бошчилигидаги пудратчилар консорциуми Қандим газни қайта ишлаш заводини қуриш ва ускуналар етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.

Мазкур завод йилига 8,1 миллиард кубометр газ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, Бухоро вилоятида жойлашган Қандим гуруҳи конларидан олинадиган водород сульфид сақловчи табиий газни қайта ишлаш имкониятини беради.

LUKOIL компанияси матбуот хизматининг хабар беришича, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси мазкур компаниянинг Ўзбекистондаги энг йирик инвестиция лойиҳаси ҳисобланади. Бу лойиҳани амалга ошириш натижасида 2 мингдан зиёдроқ иш ўрни яратилади, бунёд этиладиган инфратузилма иншоотларни қуриш ишларига 10 мингдан кўпроқ ишчилар жалб этилади.

SHARE