Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Абдулазиз Мансурнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг экстремистик кўринишларни бартараф қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқдир.

“Ҳозирги пайтда экстремизм дунёнинг кўплаб давлатларида, хусусан Ўзбекистонда ҳам турли шаклларда намоён бўлмоқда. Мазкур ҳодисадан сиёсий мақсадларда фойдаланиш, кишиларни тўғри йўлда уриш ва уларнинг онгини эгаллашга қаратилган уринишлар ҳам йўқ эмасдир. Экстремизм тинч ва осойишта ривожланиш йўлидан бораётган давлатимиз учун ҳам жиддий хавф ҳисобланади. Дин ниқобида турган экстремистик кучлар ислом таълимотини ўзгартирган ҳолда ўзларининг жиноий фаолиятларига қаратиб, ёшларимизда диннинг нотўғри қабул қилинишини шакллантиришмоқда. Натижада инсонпарвар ва тинчликсевар Ислом динимиз жаҳон ҳамжамияти назарида уруш, можаро ва зўравонликка даъват этувчи дин сифатида намоён бўлмоқда”, деди Абдулазиз Мансур Podrobno.uz сайтига берган интервьюсида.

Унинг фикрича, шунинг учун бундай кучларга қарши курашиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг экстремистик кўринишларни бартараф қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқдир. Ўз вақтида олиб борилган тадбирлар туфайли мамлакатимизда террорчилик ва экстремизмнинг ўрнашиб олишига ҳеч қачон йўл қўйилмади.

Абдулазиз Мансур маълум қилишича, яқинда Ўзбекистонда чоп этилган “ИШИД фитнаси” китобида “ислом давлати”нинг пайдо бўлиши, унинг асосчилари, мақсад ва вазифалари батафсил ёритиб берилган. Аниқ исбот ва ҳужжатли манбалар асосида “ислом давлати”нинг Ислом тамойилларига зид бўлган фаолияти фош этилган. Ушбу китобни нашр қилишдан мақсад – мусулмонлар ва ёшларни хато фикр юритишдан огоҳ этиш, уларни бузғунчи ғоялардан эҳтиёт қилиш, кишиларни Аҳли-Сунна вал жамоа таълимотига чорлаш, жиходга бўлган сохта чақиришларга берилмасликка даъват қилишдан иборатдир.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари 1944 йили Фарғона туманида туғилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Тошкент Ислом университети проректори каби масъул лавозимларда хизмат қилди. 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосаридир.

SHARE