“GM Korea” компанияси президенти: “Биз битта мамлакатда иккита русумдан кўп автомобиль ишлаб чиқармаймиз, аммо Ўзбекистонда 9 та глобал модель ишлаб чиқарилади”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 2015 йилнинг 26 май куни Сеулда Ўзбекистон — Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган форумда Корея Республикаси томонидан 300 дан ортиқ иштирокчи, шу жумладан, Корея ҳукумати, савдо, саноат ва энергетика, ташқи ишлар, коммуникациялар, инфратузилма, қурилиш ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги ва минтақавий тараққиёт вазирликлари раҳбарлари қатнашди.

Форумда чиқиш қилган “GM Korea” компанияси президенти Сержио Роча ўз нутқида автомобилсозлик соҳасидаги ҳамкорликнинг замонавий ҳолати ҳамда истиқболларига тўхталди. Хусусан, унинг маълум қилишича, “Бугун Ўзбекистонда замонавий автомобиллар, тежамкор двигателлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича учта тўлақонли, юқори технологиялар билан жиҳозланган завод ташкил этилган. Биз дунёнинг бошқа мамлакатларида иккита русумдан кўп автомобиль ишлаб чиқармаймиз, аммо Ўзбекистонда 9 та глобал моделларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган”, иқтибос келтиради “Жаҳон” АА.

Компания иккита янги глобал автомобиль моделларини ўзлаштириш, “GM Powertrain” корхонаси негизида янада кучли автомобиль двигателларини тайёрлаш, Ўзбекистондаги автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи 100 дан ортиқ корхоналарни “General Motors” компаниясининг глобал етказиб бериш тармоғига киритиш, автомобиль узеллари, эҳтиёт қисмлар, трансмиссиялар, амортизаторлар ҳамда бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қувватларни ишга туширишни режалаштирмоқда.

“Бугун Ўзбекистон биз учун стратегик индустриал шерик бўлиб, биз ҳамкорликнинг сермаҳсул ва ўзаро манфаатли бўлиши учун барча зарур чораларни кўришга тайёрмиз”, деди у.

SHARE