Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 2015 йилнинг 26 май куни Сеулда Ўзбекистон — Корея бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган форумда Корея Республикаси томонидан 300 дан ортиқ иштирокчи, шу жумладан, Корея ҳукумати, савдо, саноат ва энергетика, ташқи ишлар, коммуникациялар, инфратузилма, қурилиш ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги ва минтақавий тараққиёт вазирликлари раҳбарлари қатнашди.

Унда сўз олган Korean Air компанияси президенти Чи Чанг Хун бугун “Навоий” халқаро аэропорти негизидаги халқаро интермодал логистика маркази Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамда энг замонавий транспорт-логистик хаб бўлиб, у энг юқори халқаро мезонларга жавоб беришини қайл этди.

Унинг айтишича, қарийб янгитдан қурилган “Навоий” аэропорти қитъалараро муҳим логистика марказига айланиб бораётгани баробарида, Жануби-Шарқий Осиё давлатларини Европа ва Яқин Шарқ билан ҳам боғламоқда.

Шу билан бирга, Korean Air компанияси Тошкент шаҳрида Корея Республикасининг етакчи олий ўқув юрти — Инха университети филиали фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этаяпти. Мазкур ўқув муассасаси замонавий ўқув дастурлари асосида компьютер ҳамда дастурий инжиниринг бўйича мутахассислар тайёрлашга киришди.

Чи Чанг Хуннинг қайд этишича, яқин келажакда юк терминали қувватини ошириш орқали “Навоий” авиахабини янада ривожлантириш, Тошкентдаги Инха университети филиали негизида “Логистика” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шунингдек, иккинчи халқаро йўловчилар терминалини қуриш ва Тошкент шаҳри аэропортини модернизациялаш бўйича истиқболли лойиҳанинг амалга оширилишида қатнашиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, келаси йили Ўзбекистонда “Тошкент” халқаро аэропортида янги халқаро йўловчи терминали қурилиши режалаштирилмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, мазкур терминал жиҳозланиши ва режалаштирилиши нуқтаи назаридан Европанинг етакчи аэропортларига тенглашади.