Корея Республикаси Президенти матбуот хизмати/Gазета.uz

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига келди.

Давлат раҳбарлари иштирокида йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш, табиий газдан олефин ишлаб чиқариш, таълим тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, вазирликлар ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

ЎзАнинг хабар беришича, Президент Ислом Каримовнинг ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат имзоланди.

Томонлар ушбу давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.