Ўзбекистонда ҳукумат идоралари Facebook ва Twitter сингари ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очишади. “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказининг хабар беришича, яқинда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва давлат ташкилотларининг ахборот хизмати мутахассислари билан электрон ҳукумат ривожланиши рейтингини кўрсатувчи “электрон хизматлар” юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашувда Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларида давлат ташкилотларининг саҳифасини юритиш борасида фикр алмашинди.

БМТ Тараққиёт дастури экспертлари йиғилганларга давлат ташкилотларининг фаолиятини ёритишнинг асосий жиҳатлари юзасидан амалий маслаҳат берувчи тақдимот намойиш этишди. Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиш ташкилот ҳақидаги хабарларининг доимий равишда янгиланишини таъминлайди ҳамда ушбу хабарлардан ОАВи аҳолини таништириб боришда фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари сўзга чиқиб, Facebookдаги саҳифа ташкилотларга хабар етказишни анча осонлаштирганлигини, шунингдек, ушбу тармоқларда эълон қилинган давлт хизматларининг фаолияти ундан фойдаланувчиларга қай даражада таъсир этиши, ундан фойдаланиш жараёни, қулайлик ва камчиликларини билишда амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Ижтимоий тармоқда қолдирилган хабарнинг ахборот хавфсизлиги, провакацион савол ёки жавобларга нисбатан муносабат хусусида БМТ Тараққиёт дастури экспертлари, агар хабар шундай мазмунга эга бўлса, унга умуман аҳамият бермаслик ва уни таҳрир қилиш жараёнида ўчириш кераклигини айтишди.